
Фото: Америка овози
Бруклин туманида истиқомат қилган, 2022 йилнинг 26 июнида бедарак кетган 43 яшар Шеҳроз Тоҳировнинг жасади 21 февраль куни Бруклиндан қарийб 200 километр олисдаги Элленвил шаҳрида жойлашган уйнинг орқа ҳовлисидан топилган. Маълум бўлишича, жасад отиб ўлдирилган шахсга тегишли бўлиб, қотиллик санаси Тоҳиров йўқолган кунга тўғри келмоқда.
Федерал прокуратурага кўра, жасад топилган жой рус мафияси (АҚШда келиб чиқиши собиқ иттифоққа тақалувчилардан иборат жиноий тўдаларни рус мафияси деб аташади)нинг қўналғаси бўлгани тахмин қилинмоқда. Жиноят иши Федерал қидирув бюросининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Евросиё гуруҳи томонидан тергов қилинган.
“New York Daily News” суд ҳужжатларига таянган ҳолда қотилликда гумонланиб қўлга олинган Шломо Патчиев ва унинг мамлакатдан қочиб кетган, исми ошкор қилинмаётган шериги Шеҳроз Тоҳиров йўқолишидан олдин у билан учрашгани ва 500 минг доллар талаб қилгани ҳақида ёзган. Полиция буни товламачилик сифатида малакалаган. Томонларни қимматбаҳо соатлар савдоси боғлаб тургани айтилмоқда.

Фото: NYPD/Google
Қидирув-суриштирув хулосасида Тоҳиров 25 июнь куни эрталаб уйидан қўлида қора сумкада 100 минг доллар атрофида нақд пул билан чиққани келтирилган. Терговда аниқланишича, у Патчиевнинг шеригига ана шу маблағни, банк ҳисобидан ечилган яна 30 минг доллар (20 минг долларлик банк чеки ва 10 минг доллар нақд пул) ва «Мерседес-Бенз» русумли автомашинасини бериб, икки бизнес шеригини тинчлантиришга умид қилган.

















