Росстат маълумотларига кўра, 2021 йилда россиялик эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 65,5 ёшни ташкил этган эди. Бу 2014 йилдан буён кузатилган энг паст кўрсаткич. Ўша 2021 йилда — Украинада ҳали кенг миқёсли уруш бошланмасдан аввал Россияда аҳолининг қисқариши (туғилганлар ва ўлганлар ўртасидаги фарқ) Иккинчи жаҳон урушидан буён жамики рекордларни янгилади — 1 млн 43 минг киши.

«Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йилда РФда 1 млн 306 минг 162 чақалоқ дунёга келган, 1 млн 905 минг 778 киши вафот этган. Табиий камайиш 599 минг 616 кишини ташкил этган ва бу 2021 йилнинг кўрсаткичидан 42,5 фоизга кам», — дейилади Росстат маълумотномасида.

Абсолют рақамларда Россия Федерацияси аҳолиси 2021 йилда 613 минг кишига камайган, чунки табиий қисқариш миграцион ўсиш (430 минг киши) билан компенсация қилинди.

Табиийки, янада муҳимроқ савол ўртага қалқиб чиқади: бир йиллик интенсив ҳарбий ҳаракатлардан сўнг Россия демографияси қай аҳволга тушди? Росстат Россиянинг 2022 йилда аҳоли камайиши бир мунча қисқарганини таъкидламоқда. Унинг ҳисобларга кўра, аҳоли «бор-йўғи» 600 минг кишига камайган.

Ўз-ўзидан тушунарлики, Путиннинг расмий статистикаси ишончга сазовор эмас. Бироқ, 2021 йилги демографик фалокат кўрсаткичларга нисбатан шартли равишда «хайрлироқ» деб аташ мумкин бўлган рақамларни ҳам у ёки бу даражада мантиқий тушунтириш мумкин.

Гап шундаки, Россия аҳолиси камайиши бўйича 2021 йилги антирекордга COVID-19 ҳам катта «ҳисса» қўшганди. Ортиқча ўлим кўрсаткичлари ўша йили мамлакатда 300 мингдан зиёд бўлган. 2020 йилда камайиш 703 минг бўлгани ҳисобга олинса, 2021 йилда ковид йўқотишлари бўлмаганда кўрсаткич худди шундай, 700 минг атрофида бўлиши мумкинлиги тахмин қилиш мумкин, лекин шу ҳам кам эмас. Россия аҳолисининг бу даражада кўп камайиши Путин тилга олишни хуш кўрадиган «мусибатли 90-йиллар»га хос.

Бироқ, Росстат маълумотларига кўра, кенг миқёсда уруш олиб борилган 2022 йилда мутлақо кутилмаган ҳодиса кузатилган: Одатий тарзда Россияда аҳоли сони қисқариб бораётганини кўрсатиб турувчи сон 600 минггача пасайибди.

Бу ерда мавзунинг яна бир жиҳати муҳим. Сўнгги йилларда аҳоли қисқариши биринчи навбатда туғилиш камайиши ҳисобига рўй бермаяпти, гарчи бунинг ҳам ўз ўрни бўлса-да. Масалан, 2022 йилда Россияда 2021 йилга нисбатан 100 мингга камроқ бола туғилган. Бироқ, сўнгги йилларда Россияда аҳоли қисқаришининг асосий омили айнан ўлим кўрсаткичлари ошиши бўлмоқда.