Хитой Тинч океани ҳарбий альянси AUKUS томонидан Австралияга учта сувости ядровий кемасини сотиш қарорига кескин муносабат билдирди ва шу тариқа альянсга аъзо давлатлар – АҚШ, Буюк Британия ва Австралия нотўғри ва хавфли йўлга кираётганини айтди.

Бир кун аввал уч давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзолаб, Хитойнинг тобора кучайиб бораётган таҳдидини ҳис қилаётган Австралия учун камида учта ядровий сувости кемаси берилишини маълум қилган эди.
«АҚШ, Буюк Британия ва Австралиянинг сўнгги қўшма баёноти уч давлат ўз геосиёсий манфаатларини кўзлаб, халқаро ҳамжамият хавотирларини бутунлай эътиборсиз қолдириб, хато ва таҳдидлар йўлидан бораётганини кўрсатади», деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин.
Миллиардлаб долларга баҳоланган AUKUS келишуви доирасида Австралия 2030-йиллар бошида Virginia синфидаги учта сувости ядровий кемасини олади. Улар ядро қуроли билан жиҳозланмайди, балки шовқинсизликни таъминловчи атом электр станциясига эга бўлади.
АҚШ Тинч океани флотининг Сан-Диегодаги асосий базасида имзоланган келишувга кўра, зарурат туғилганда сувости кемалари сони бештага етказилиши мумкин.
Бундан ташқари, 2027 йилдан Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ўз сувости кемаларини Ғарбий Австралияда ротация асосида (тўрттагача АҚШ кемаси ва битта Британия кемаси) жойлаштиришни бошлайди.
AUKUS маълумотларига кўра, бу Хитойни тийиб туриш чорасининг бир қисми сифатида зарур, чунки Пекин риторикаси ва ҳаракатлари Австралия расмийларини тобора кўпроқ ташвишга солмоқда.
Хитойнинг Тайванга нисбатан тажовузкор сиёсати, Европада қонли урушни бошлаб берган Россия билан ҳамкорлиги ва Хитойнинг Сулаймон ороллари авторитар ҳукумати билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича яқинда имзолаган келишуви Хитойнинг Тинч океанидаги қўшниси Австралияни хавотирга солмоқда.
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан AUKUS шартномасини имзолашда ҳамроҳлик қилган BBC шарҳловчиси Крис Мейсоннинг сўзларига кўра, «бу ҳолатда, сўзлар амалдан фарқ қилмайди, эски демократиялар янги, кучайиб бораётган душман – Хитойга қарши курашиш учун бирлашмоқда».










