Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан берилган расмий маълумотларга кўра, 2021 йилда дунё бўйлаб 28 миллионга яқин одам мажбурий меҳнатнинг қурбонига айланган. Шундан 17,3 миллион нафари хусусий иқтисодий секторда мажбурий меҳнатга жалб қилинган. 11 миллиони аёллар бўлса, қарийб 4 миллионини болалар ташкил этади. 

Гарчи Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияси 1930 йилда, Конвенциянинг қўшимча баённомаси 2014 йилда тасдиқланган бўлса ҳам, мажбурий меҳнатни йўқотиш ҳамон халқаро хамжамият олдида турган энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ҳам яқин йилларгача ўқитувчи ва педагоглар, ўқувчи ва талабаларнинг мажбурий меҳнатга, айниқса пахта етиштиришга жалб этилиши оддий ҳол эди. Айнан шунинг учун узоқ йиллар давомида ўзбекнинг оппоқ пахтаси жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон учун қора доғ бўлиб келди. Вазият шу даражага етиб боргандики, мамлакатдаги ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатидан фойдаланилгани сабабли ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиш бўйича петицияга имзо чекишганди.

Ушбу петиция БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгаши, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, шунингдек, АҚШ давлат департаменти, Европа Иттифоқи, йирик пахта экспорти ҳамда тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган компанияларга тақдим этилди. Бунинг натижасида 2010 йилдан бошлаб Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахатасига бойкот эълон қилиб, уни сотиб олишдан воз кечди.

Хақли савол туғилади: педагог, тиббий ходимлар, талаба ва ўқувчиларни пахта териш ёки бошқа қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ишларига, навбатчиликка мажбурий жалб этиш орқали биз нимага эришдик? Ҳеч нарсага. Фақат йўқотдик, холос. Ўқувчи ва талабаларни саводсиз, жамият тараққиётига масъул бўлган ўқитувчиларни, аҳоли саломатлигига ҳамда миллат генофондига масъул соғлиқни сақлаш ходимларини барчага ҳашарчи қилдик.

Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволимизга, балки миллатнинг ривожланишидаги узоқ муддатли йўқотишларига сабаб бўлди.

Шу сабабли, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш, шу билан бирга мажбурий меҳнатни батамом тугатиш давлат сиёсатининг устувор вазифалардан бири этиб белгиланди. Узоқ йиллик машаққатли меҳнат, мақсад сари собитқадамлик билан олға бориш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг саъй-ҳаракати, қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар ўтказилиши ўз самарасини берди: 2022 йил 10 март куни халқаро Cotton Campaign ташкилоти Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган 12 йиллик санкцияларни бекор қилди.