Ярим йилдан ортиқ вақт давомида Бахмут фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб қолмоқда. Ўтган ҳафтада Украина президенти Володимир Зеленский Олий қўмондонлик штаби йиғилиши ўтказди, унда шаҳарни мудофаа қилишни давом эттиришга қарор берилди. BBC мухбири Квентин Соммервил Бахмутда бўлиб, репортаж тайёрлади.

Украина қизил чизиқ тортди ва бу чизиқ – Бахмутдир. Шаҳардагилар шу ҳақда, бу шаҳар стратегик аҳамиятга эгалиги, шунингдек бу шаҳар учун жангларда аллақачон ўн минглаб кишилар ҳалок бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Шаҳар учун жанглар бошланганига етти ойдан ошди, жанглар шу вақтга қадар тўхтовсиз олиб борилмоқда ва бу урушда энг узоқ давом этган тўқнашувга айланган.

Украина армиясининг шаҳарнинг жанубий чеккаларини ҳимоя қилаётган икки бригадаси ўтган ҳафтада BBC мухбирларини ўз позицияларига киритишди, бу вақтда эса шаҳарнинг ўзида ва унинг атрофида шиддатли жанглар кетаётганди. Бу аскарлар бир неча ойдан буён Россия армиясининг мунтазам қисмларига қарши ҳам, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан ёлланган ва Россия томонидаги окопларни тўлдирган собиқ маҳбуслар билан ҳам жанг олиб бормоқда. Украиналик ҳарбийларнинг айтишича, россияликларнинг йўқотишлари уларникидан анча кўпроқни ташкил қилмоқда, аммо рақиб шаҳар ва унга ёндош қишлоқларни эгаллашга уриниш учун янгидан янги методларни қўлламоқда.

Украина кучлари қуроллар ва шахсий таркиб сони борасида рақибдан ортда қолади, аммо шаҳардан жанубдаги бўрли қияликда 3-алоҳида штурм бригадасининг танкка қарши гуруҳи жойлашган. Уларни 3Storm гуруҳи деб номлашади, ўзларининг айтишларича, улар «енгилмас». Улар ер остида чуқур окоплар қазишган. Россия артиллерияси снарядлари яқин атрофда портлаганида, уларнинг истеҳкомлари томларини ушлаб турувчи ёғоч тиргаклар силкинади ва дала сичқонлари тахталар бўйлаб югура бошлайди. Ёғоч бурчакда эскича дала телефони туради. Уларнинг боболари ҳам шундай шароитларда жанг қилишган.

«Улар бизга ета олишмайди, биз барча тарафда бир километрда нима бўлаётганини кўриб турамиз», – дейди россияликлар позициясини кўрсатиб, 26 ёшли соқолли аскар, у ўзини «Гном» деб атайди. «Биз ўзимиздаги бор барча воситалар билан душманга зарба бера оламиз», – дейди у.

«Гном» лақабли 26 ёшли бу йигитни «Узуклар ҳукмдори» мухлиси экани туфайли шундай чақиришади
Фото: QUENTIN SOMMERVILLE / BBC