Жаҳон | 10:00 / 21.03.2023
6327
3 дақиқада ўқилади

Донорлар конференциясида Туркия ва Сурия учун 7 млрд евро йиғилди

Биргина Европа Комиссияси Туркияга тикланиш ёрдами учун 1 миллиард евро ва қўшни Сурияга ҳуманитар ёрдам учун 108 миллион евро ажратди.

Фото: Kun.uz

Брюсселда бўлиб ўтган халқаро донорлар конференцияси иштирокчилари февраль ойида Туркия ва Суриядаги зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 7 миллиард евро йиғишди. Бу миқдор кутилганидан ошиб кетди, деди Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен. У 20 март, душанба куни бўлиб ўтган тадбир якунида натижани «ажойиб» деб атади.

«Бугун мен халқаро ҳамжамият Туркия ва Суриядаги қайта қуриш саъй-ҳаракатларини кучли қўллаб-қувватлаётганини кўришдан жуда мамнунман», деди у 2023 йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Швеция бош вазири Улф Кристерссон билан ўтказилган матбуот анжуманида. 

Аввалроқ фон дер Ляйен Туркиянинг тикланишига ёрдам бериш учун фақатгина Европа Комиссияси 1 миллиард евро ажратишини айтганди. Яна 108 миллион евро, деди у, қўшни Сурияга инсонпарварлик ёрдами учун кетади. Германия ҳар икки давлатдаги зилзила қурбонларини қўллаб-қувватлашни икки баравар ошириб, 240 миллион еврога етказади, деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, 6 февраль куни содир бўлган зилзилалар Туркия ва Сурияда 50 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва бу минтақадаги сўнгги йиллардаги энг йирик табиий офатга айланди.

«Совуқ давом этар экан, миллионлаб одамлар уйсиз қолиб, чодирларда яшамоқда», деди фон дер Ляйен Брюсселдаги конференцияда. «Биз тикланиш учун сафарбар бўлишимиз керак. Уйлар, мактаблар ва касалхоналар энг юқори сейсмик стандартларга мос бўлиши керак. Сув, канализация ва бошқа муҳим инфратузилмани таъмирлаш керак. Давлат хизматлари ва корхоналар қайта очилиши учун капиталга муҳтож».

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған конференция иштирокчиларига видео-алоқа орқали мурожаат қилар экан, зилзиладан кўрилган зарарни 104 миллиард АҚШ доллари (тахминан 97 миллиард евро) деб ҳисоблаб, биринчи йилда мамлакатда 319 минг уй қайта қурилишини айтди. «Ҳеч бир давлат бундай катталикдаги инқирозни ўзи енгиб ўта олмайди, – деди у. – Биз барча дўстларимиз ушбу оғир кунларда кўрсатган бирдамликни ҳеч қачон унутмаймиз».

Reuters хабарига кўра, Брюсселдаги конференцияда 400 га яқин халқаро иштирокчилар – давлатлар, минтақавий ташкилотлар ва ноҳукумат гуруҳлар вакиллари иштирок этган. Сурия ва Россия расмийлари таклиф қилинмаган.

Мавзуга оид