Реалликка қизиқиш инсон зотига хос. Ҳақиқий, бўлиб ўтган ва бўлиб турган воқеалар барчани қизиқтиради. Афсоналарга бой катта романдан кўра реал ҳаётга асосланган ҳикоячанинг ўқувчиси кўп. Шундай экан, Рамита Наваининг яқиндагина ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган “Ёлғонлар шаҳри” асари эътиборни тортмай қолмайди. Ундаги ҳар бир қаҳрамон ва уларнинг ҳаётида содир бўлган воқеалар ҳаётда мавжуд. Асарда Теҳрон ҳаёти тасвирланиб, ёзувчи ўз кўзи билан кўрган, қўли билан ушлаган, гаплашган, кузатган одамлар ва ҳодисаларни қаламга олган.
Муаллиф ҳақида
Рамита Наваи британиялик-эронлик ташқи ишлар журналисти бўлиб, Жанубий Судан, Афғонистон, Миср, Нигерия, Сальвадор ва Зимбабве каби ўттиздан ортиқ мамлакатлардан хабарлар тайёрлаган. У Channel 4s Unreported World сериали учун йигирмата ҳужжатли фильм суратга олди ва PBS Frontline учун Суриядан яширин репортажи учун Эмми мукофоти билан тақдирланди.
Таҳлил
Аввалига бетараф, кейин эса баландпарвоз, сохта, кераксиз ва ҳожати бўлмаган режалар-у мақсадларга алданиб, аросатда қолиб кетган Дариуш; бўғилган, иғволарга тўла, хурофотлар-у ғийбатларга тўлиб-тошган муҳитда яшаб, шу муҳитга бўйсуниб, панд егандан сўнг жасорат қилиб ботқоқликдан чиқолган, димиққан жамиятга ўз қарори ила тоза ҳаво киритган Сумайя; замона зулмидан жабр кўрган, гўдаклик чоғи бир вақтнинг ўзида ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилиш аламидан мурғак қалби жароҳатланиб, қасос ўтида йиллаб азобланган Амир; Теҳрон кўчаларида тентираб, чорасизлик гирдобида ўрнини фоҳишалар орасидан топган Лайло; ўз ота-онаси томонидан бир-икки доза афюн пулига сотилган Пари – бу тақдирларнинг ҳаммаси бор ва бир жойда, бир кўчада яшаяпти – Вали Аср кўчасида. Ҳар хил тана аъзолари бирлашиб, бутун бир организмни ташкил қилади. Вали Асрни тана деб олсак, “Ёлғонлар шаҳри” қаҳрамонлари турли хил органлардир.
Ёлғонлар шаҳрида ҳеч ким алдамай туролмайди. Ёлғон одамларнинг қон-қонига сингиб кетган. Бу шаҳарда давлат ва дин ўртасидаги муносабат шунчалар чалкашки, оқибатда тузум, қонунлар, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларида тартиб йўқолган. Бу шаҳарда “Менга мумкин, бошқаларга йўқ” тушунчаси мавжуд. Фоҳишалик тақиқларига масъул шахснинг ўзи ишратбоз бўлса одамлар қаерга борсин? Зино қилиш гуноҳ дея амру маъруф қилган муллалар ёш гўдакларни зўрлаб турса, халқ додини кимга айтсин. Қўштирноқ ичидаги диндорлар ўзларини Худо билиб, вақтинчалик никоҳдан ўтилган бўлса, гуноҳи йўқ дея фоҳишалар қўлига ҳужжат тутқазса, бандалар гуноҳ ботқоғига ботмай нима қилсин.
Бу шаҳарнинг у боши билан бу бошидаги тартиблар, қадриятлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Униси бунисига тўғри келмайди. Теҳронда ҳамманинг бир-биридан беркитган чиркин сирлари етарлича. Улар болаликдан оғуга, фаҳшга қандай ўрганган бўлса ёлғонга ҳам шундай ружу қўйган. Айрим муллалари ҳукуматга лицензияли исловатхоналар ташкил қилиш таклифи билан чиқар даражада калтафаҳм. Бу шаҳар худди усти тиниқ сувдан иборат ботқоқликка ўхшайди: тартиб-қоидалар қатъий, жазолар тайин ва оғир. Арзимас хато ҳам мумкин эмас. Аммо кунига каттадан кичик шундай хатолар содир бўладики, кўрмасликка олинади. Чунки балиқ бошидан сасийди. Ҳукумат тепасидагиларнинг сўзи амалига тўғри келмаса, қуйидагилардан нима кутиш мумкин. Чўпон наҳс босган бўлса, экинзорга ўтиб кетган подада нима айб.







