Журналист Шаҳноза Тўрамуродова адлия вазири Акбар Тошқулов билан учрашувда сиёсий партияларни рўйхатда олишда бугунги кунда амалда бўлган 20 минг имзо тўплаш талаби жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётгани, фаоллар бу талаб юмшатилиши тарафдори экани ҳақида тўхталиб, Адлия вазирлиги жамоатчиликнинг бу борадаги таклифлари асосида қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш нияти бор-йўқлиги билан қизиқди. Вазир бунга жавобан аҳоли сонига қиёсан олинса, 20 минг имзо талаб этилаётгани аслида жуда кам эканини таъкидлади.

“Бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, [партияни рўйхатдан ўтказиш учун талаб этиладиган] 20 минг [имзо] кўп эмас. Бу ҳозир аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Агар аҳоли 36 миллион киши бўлса, бу 1 фоиздан кам. Бу жуда кам, бу нормал.

Бошқа давлатларнинг ҳам тажрибасини ўрганганмиз. Уларда ҳам бизникидан кескин фарқ қилмайди. Тасаввур қилинг, ҳар беш минг ёки ўн минг одам партия очаверса, қанча партия бўлиб кетади? Сайлов варағи ҳам етмайди. Шунинг учун бундай тўсиқлар бор.

Чунки партия кўпчилик аҳолининг манфаатини ифода қиладиган, кўпчиликнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашларини кўрсатадиган ташкилот. Шунинг учун бутун дунёда [имзолар] сонига нисбатан чекловлар бор”, дея Акбар Тошқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга кўра, партиялар Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Бунинг учун эса Ўзбекистоннинг камида саккизта ҳудудида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси талаб этилади.

Адлия вазири 20 минг одамни бирлаштира олган партияларнинг аризаси қонуний кўриб чиқилиши, имзолар қонуний бўлса, партияни рўйхатга олишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини қўшимча қилди.

“Бизга келган мурожаатларни қонуний тартибда кўриб чиқамиз. Бизга яқин орада бу борада ҳужжат келиб тушмаган. Қонунда белгиланган талабга жавоб берса, партиялар рўйхатдан ўтиши мумкин. Йигирма минг одамни бирлаштирсин, ҳеч қандай масала йўқ. Уларнинг имзосини тўплаш керак. Имзоси қонуний бўлиши керак”, дейди Акбар Тошқулов.