
Туркманистонда мамлакатнинг ҳозирги президентининг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига аталадиган янги шаҳар қурилиши учун қарийб беш миллиард доллар сарфланади.
Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази шаҳар мақомини олади ва уни «Арқадағ» (Қаҳрамон ҳимоячи) деб аташади. Бу Бердимуҳамедовнинг расмий унвони бўлиб, у президентликдан кетганидан кейин ҳам бу унвонни ўзида сақлаб қолган.
Янги шаҳар пойтахт Ашхободдан 30 километр масофада барпо этилади. Бердимуҳамедов мулозимларга буни «Гиннес рекордлари» китобига киритишни буюрган, аммо айнан қандай қилиблигига аниқлик киритилмаган. Бу шаҳар аҳолиси якунда 73 минг кишини ташкил этиши керак.
«Арқадағ шаҳри қурилишининг биринчи босқичи 3,3 миллиард долларга тушади. Бизнинг баҳоларимизга кўра, иккинчи босқичга тахминан 1,5 миллиард доллар керак бўлади», дея хабар қилган шаҳар қурилиши учун масъул бўлган давлат қўмитасига раҳбарлик қилаётган Дерягелди Оразов.
Мулозимнинг сўзларига кўра, аниқ қиймат тендерлар эълон қилинганидан кейингина маълум бўлади.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Туркманистон ЯИМ қарийб 45 миллиард долларни ташкил этади, газ экспорти ҳисобига тўғри келади, мамлакат бундай табиий бойликнинг улкан захираларига эга.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Туркманистон раҳбариятини бир неча бор пулларни аҳолига фойдасиз бўлган қимматбаҳо лойиҳаларга сарфлашда айблаган.

Асли касби шифокор бўлган, айни вақтда 65 ёшга чиққан Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонга 2006 йилдан раҳбарлик қила бошлаган. 2022 йил мартида у президентлик лавозимини тарк этди ва мамлакат бошқарувини ўз ўғли Сардорга топширди, аммо Туркманистон сиёсий ҳаётида муҳим фигура бўлиб қолмоқда.
Январ ойида катта Бердимуҳамедов 2021 йилда ўзининг илтимоси билан тузилган парламентнинг юқори палатасини тугатиш ва бир палатали тизимга қайтишни таклиф этди.
















