Ниҳоят, миллий жамоалар билан боғлиқ йиғинлар ушбу мавсум учун якунланди ва клублар футболи ўзининг энг қизғин палласига кириб бормоқда. Испания ва Италияда чемпион номи деярли савол қолдирмаётган бўлса-да, Англия ва Германияда вазият жуда қалтис ва албатта, чемпионлик масалаларидан ташқари, клублар еврокубоклар учун йўлланмалар, лигада жон сақлаш каби вазифалар бизни кутиб турган икки ойлик марафонда ҳал қилиб олишлари керак. Марафонга эса энг зўри, Пеп Гвардиола ва Юрген Клоппнинг навбатдаги дуэли билан старт берилади. 

АПЛ. 1 апрель (шанба)

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛЬ

Ўйин бошланиш вақти: 16:30

АПЛ биратўла турнинг марказий учрашуви билан бошланади. Ҳам чемпионлик пойгасида, ҳам Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда ҳал қилувчи баҳслардан бири.

Пеп Гвардиола жамоаси шундай паллага етиб келдики, энди хатолар кечирилмайди. «Сити» ўзи учун таниш бўлган режимга қайтишга мажбур – бошқа очко йўқотилмаслиги керак. «Арсенал» аввалгидан ҳам кучлироқ бўлиши табиий, зеро «финиш»ни кўрганда лондонликлар ўз даражасидан ҳам юқорироқ ҳаракат қилиши турган гап. Бунинг устига «Арсенал» еврокубоклардан чиқиб кетди, «Манчестер Сити» эса чемпионатдан ташқари, Чемпионлар лигаси ва Англия кубоги учун ҳам курашиши керак.

«Ливерпуль» қатъият синови учун мукаммал номзод. Клопп шогирдлари бу ҳафта «Манчестер Сити», келаси дам олиш кунлари эса «Арсенал» билан ўйнайди. Жамоа чемпионлик дуэлида муҳим роллардан бирини ўйнаш билан биргаликда, ўз мақсадига ҳам етиши керак. «Ливерпуль» йўқотилган очколар бўйича «Ньюкасл»дан 5, «МЮ»дан 8 очко ортда бормоқда. Бу турда шу рақиблар ўзаро ўйнашидан фойдаланиб, ливерпулликларда яқинлашиб олиш имконияти бор. Якунда ҳеч бўлмаса, икковидан бирини қувиб ўтиш учун жамоа ўта юқори савиядаги ўйинни намойиш қилиши шарт. «Сити» ва «Арсенал»га қарши ўйинлар орасида, сешанба куни «Ливерпуль» «Челси» меҳмони бўлишини ҳам унутмаслик керак. Ҳал қилувчи палла.  

Фото: Getty Images

Таркибларга келсак, «Ливерпуль» жароҳатлар муаммоси билан курашишда давом этяпти. Алькантара ҳали қайтгани йўқ, Байжетич мавсум охиригача сафдан чиққан. Булар етмагандек, Нуньез, Ҳендерсон, Цимикас, Диас каби футболчиларнинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Майли, Клопп бундай муаммоларга ўрганиб ҳам қолди, доим кимнидир ўрнини тўлдириш муаммоси билан курашиб келмоқда, аммо «шаҳарликлар»нинг муаммоси сон жиҳатдан камроқ бўлса-да, таъсир доираси каттароқ бўлиши мумкин. Эрлинг Ҳоланд сўнгги машғулотларни ўтказиб юборди ва унинг «Ливерпуль»га қарши ўйинда майдонга туша олмаслиги мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. «Манчестер Сити» урган голларининг 40 фоизидан ортиғининг муаллифи бўлган ҳужумчининг ўрнини тўлдириш осон бўлмайди, албатта. Шунингдек, Фил Фоден ҳам жарохати туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди.