Британия мудофаа таҳлил маркази Украинага кенг кўламли бостириб киришда Россия хавфсизлик ва разведка хизматлари армиядан кўра кўпроқ муваффақиятга эришганини таъкидлади. «Бироқ, хавфсизлик хизматлари Россиянинг Украинани босиб олиш режасининг барбод бўлишига катта ҳисса қўшган фундаментал камчиликларга ҳам йўл қўйди», дейди Мудофаа тадқиқотлари бўйича бирлашган қироллик институти (Royal United Services Institute) экспертлари. Бу камчиликлардан бири — Россия президентини ҳар томонлама хурсанд қилиш истаги эди.

Ҳисоботда айтилишича, Россия разведкасининг юқори мартабали мулозимлари босқинни 2022 йил ёзига қолдиришни тавсия этганди.

Royal United Services Institute (RUSI) экспертлари томонидан тайёрланган «Россия-Украина уруши давридаги Россиянинг ноанъанавий операцияларидан дастлабки сабоқлар» ҳисоботида айтилишича, Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва бошқа махсус хизматлар пухта режалаштириш туфайли рус армияси томонидан босиб олинган ҳудудларда назоратни тезда ташкил этиш ва оккупацион тизимларни тузишда сезиларли муваффақиятларга эришишга муваффақ бўлган.

Ҳисобот муаллифлари — Жек Уотлинг, Александр Данилюк ва Ник Рейнолдснинг қайд этишича, Москва босқинни режалаштиришда Украинадаги рус разведка хизмати агентларининг кенг тармоғига таянган.

«Бироқ, шу билан бирга, асосан совет доктриналарига амал қиладиган Россия махсус хизматлари тузилмаларида бир қатор жиддий камчиликлар мавжуд бўлиб, улар рус армиясига урушдан олдинги режаларни амалга оширишга имкон бермаган», дейди муаллифлар.

Ҳисобот Украина разведка ва хавфсизлик хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ўтказилган кўплаб интервьюлар асосида тайёрланган. Муаллифлар улар билан уруш бошланишидан олдин ҳам, кейин ҳам суҳбатлашган. Тадқиқотчилар Украинадаги жанг майдонида асирга олинган маҳбуслар ёки Россия разведка хизматлари ёхуд уларнинг ҳамкорларидан олинган бошқа манбалар маълумотларидан ҳам фойдаланган.

Ҳалоллик маданияти ва Путин учун ишлаш

Ҳисоботда айтилишича, Россия разведка идораларига фундаментал даражада ўз саъй-ҳаракатларини холис баҳолаш ёки ҳеч бўлмаганда улар ҳақида тўғри хабар бериш учун ҳалоллик етишмайди.