Доимий муомалада бўлувчи қоғоз пуллар маълум муддат ўтиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин. Ана шундай вазиятда кўпчилик нима қилишни, қаерга мурожаат этишни билмайди. Аслида эса бунинг қонуний чора-тадбирлари белгиланган. Ўзи қандай ҳолатдаги банкнотлар тўловга яроқли ёки яроқсиз сифатида тавсифланади? Марказий банк мутахассислари бу борада эътиборга олиниши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маълумот берди.
Қандай пуллар тўловга яроқли бўлади?
Қуйидаги ҳолатдаги банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилиш лозимлиги ва тушум пули сифатида банкларга топшириш мумкинлиги белгиланган. Хусусан, булар:
- ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилиш бўлган, қоғози сийқаланган (ишқаланиш оқибатида юпқалашиб, юмшоқ қоғоз кўринишига келиб қолган) ҳамда доғлари бўлган ва турли расм ва (ёки) ёзувлар ёзилган банкнотлар;
- йиртилиб бўлакларга ажралган ва елимланган пуллар - агар пулнинг қисмлари шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;
- бўёқ моддалари ёки кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;
- банкнотнинг айрим қисмига (ёки қисмларига) ёзилган ёзувлар ёки бўялган (бўёқ тўкилган) жойи банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмайдиган банкнотлар;
- банкнотнинг йиртилган, тешилган жойининг диаметри ёки йиртилиб тушган бурчаги (қисми) 1 смдан ошмайдиган банкнотлар;
- ранги кескин тарзда ўзгармаган банкнотлар;
- шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар.
Қандай пуллар тўловга қабул қилинмайди?
Банкнота қуйидаги ҳолларда тўловга яроқсиз ҳисобланади:
- банкнот умумий ҳажмининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган бўлса;
- тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлмаган банкнотлар яъни қалбаки пуллар;
- банкнотдаги унинг номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган сохта пуллар ҳам тўловга яроқсиз ҳисобланади.
Елимланган банкнот қисмлари битта банкнотга тегишли бўлса, яъни серия, рақамлари бир хил бўлганда “яроқли пул” сифатида тўловга қабул қилиниши лозим. Айрим ҳолларда, бир хил номиналдаги, бироқ 2 та банкнотнинг қисмларининг бир-бирига елимланганини учратиш мумкин. Яъни банкнот қисмларидаги серия, рақамлар турлича бўлади. Ушбу банкнотларнинг ҳар икки қисми алоҳида олинганда, банкнот умумий юзаси 55 фоизидан кам бўлса “тўловга яроқсиз” деб топилади. Аксинча бўлса, қабул қилинади.















