Германия канцлери ва Испания бош вазиридан кейин, 5 апрел куни Франция президенти Эмманюэл Макрон ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Пекинга ташриф буюрмоқда.

Европа Киевга Россия босқинига қарши курашда ёрдам бермоқда ва уруш тезроқ тугашидан манфаатдор. Бироқ улар Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш шарти билангина тинчликка эришишга рози. Табиийки, Кремл бунга рози эмас, унинг ортида эса Хитой турибди.

Европаликлар Хитойни Европада уруш ва тинчлик масаласини ҳал қилишда ЕИ мустақил куч эканига, Хитойнинг асосий душмани бўлмиш АҚШнинг кўланкаси эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга улар Пекинга асосий тушунчани ҳам етказмоқчи — «биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, бироқ Хитой қизил чизиқни кесиб ўтиб, Путинга ҳарбий ёрдам беришга қарор қилса, барчаси тубдан ўзгариши мумкин».

Аввалги европалик меҳмонлар Пекинда муваффақиятга эриша олмади. Макрон ва фон дер Ляйен буни уддалайдими?

Хитой ва Путин

Уруш бошида Макрон доимий равишда Путин билан қўнғироқлашиб турди, бироқ орадан бир йил ўтиб, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Кремл ўртасидаги алоқалар барбод бўлди. Позициялар шу қадар муросасиз бўлдики, европадагилар ҳалокатли вазиятни олдинга силжита оладиган давлат айнан Хитойлиги, Путинга таъсир кўрсатадиган ягона лидер эса Си Жинпинг экани ҳақида тез-тез гапира бошлади.

«Шубҳасиз, Хитой бу кескинлик тўлқинини ҳар икки йўналишда ҳам ўзгартиришга қодир сайёрамиздаги кам сонли давлатлардан бири ва эҳтимол дунёдаги ягона давлатдир», деган Макрон маъмурияти вакили.

«Биз энг ёмон сценарийдан қочишни хоҳлаймиз ва шунинг учун ҳам биз улар (хитойлар) билан мулоқот ўрнатишимиз, ўз позициямизни белгилашимиз ва ўрта муддатли келажакда бу урушни тугатиш йўлларини топиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», дея қўшимча қилган у.

Хитойнинг бу жараёнлардаги асосий роли Си Жинпингнинг Кремлга босим ўтказишда янги ричагларга эга бўлгани билан изоҳланади. Путин Ғарбдан ажратилган Россия иқтисодиётини Хитойга қарам қилиб қўйди. Урушнинг ҳар қандай натижаси, жумладан Россиянинг мағлубияти ҳам бу фактни ўзгартирмайди, чунки Ғарб санкцияларни бекор қилмоқчи эмас ҳамда Россиянинг нефт ва газидан қатъий равишда қутулишга ҳаракат қилмоқда.

Бошқа томондан, агар Си Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатса ва Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берса, тарозини Кремл фойдасига оғдириши мумкин. Ҳозирча эса бу икки ҳолат содир бўлгани йўқ.

Макрон Си Жинпингни келажакда ҳам бундай қилмасликка ишонтиришга ҳаракат қилади.