Жаҳон | 09:52 / 10.04.2023
6061
2 дақиқада ўқилади

WP: «Вагнер» Туркиядан қурол сотиб олишга ҳаракат қилган

«Вагнер гуруҳи» НАТО аъзоси Туркиядан Украинага қарши уруш учун қурол сотиб олишга уринган, деб ёзади The Washington Post ошкор қилинган махфий ҳужжатларга таяниб.

Фото: Reuters

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) НАТО аъзоси Туркиядан Украинага қарши уруш учун қурол сотиб олишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда 8 апрель, шанба куни Американинг The Washington Post (WP) газетаси хабар берди. Журналистлар ўнлаб махфий разведка ҳужжатларининг сиздирилиши натижасида мавжуд бўлган маълумотларни таҳлил қилдилар, улардан баъзилари Пентагон томонидан тайёрланган.

WP таъкидлашича, электрон тинглаш ва хабарларни ушлаш натижасида ХҲК режаларини кўриш имкони пайдо бўлган. Бир хабарга кўра, февраль ойи бошида «Вагнер» гуруҳи аъзолари Туркия томонидан Мали ва Украинадаги ҳарбий амалиётларга «қурол ва жиҳозлар сотиб олиш учун Туркиядаги суҳбатдошлар билан» учрашган. Мали муваққат президенти Ассими Гоита унинг мамлакати Евгений Пригожин компанияси манфаатларидан келиб чиқиб, «Туркиядан қурол сотиб олиши» мумкинлигини тасдиқлагани айтилади.

Туркия ҳукумати «Вагнер» ХҲКнинг қурол олишга уринишлари ҳақида билганми ёки йўқми, бу ҳозирча номаълум, деб ёзади газета. Туркия ҳукумати вакили изоҳ беришдан бош тортди. Вашингтондаги Мали элчихонаси WP сўровига жавоб бермади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийсига кўра, ошкор қилинган ҳужжатларнинг кўпчилиги қишда АҚШ штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Марк Милли ва бошқа юқори мартабали ҳарбийлар учун тайёрланган. Ҳужжатлар 28 февраль ва 2 март кунлари геймерлар орасида машҳур бўлган Discord чат-платформасида жойлаштирилди. Материаллар серверга Wow Mao тахаллуси остидаги фойдаланувчи томонидан юкланган.

Бир қатор ҳужжатларнинг тасвирлари 4chan платформасида ҳам тарқатилди ҳамда Telegram ва Twitter'да пайдо бўлди. Камида бир ҳолатда, дастлаб Discord'да эълон қилинган слайд урушда Пентагон ишонганидан камроқ рус аскари ҳалок бўлган деган таассурот қолдириш учун ўзгартирилган, деб ёзади WP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид