Шавкат Мирзиёевга Туркиянинг биринчи миллий электромобили топширилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Туркия саноат ва технологиялар вазири Мустафо Варанк бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашув кун тартибидан амалий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш, инновациялар ва илғор технологияларни жорий қилиш масалалари ҳамда Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг бошқа жиҳатлари ўрин олди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг топшириғига биноан мамлакатга келган делегация ташрифининг мақсади - Togg бренди остида ишлаб чиқарилган биринчи миллий электромобилни намойиш этиш ва топшириш.
Давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликда бугунги жадал суръатни, барча даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини алоҳида қайд этди. Бунга мисол тариқасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, устувор тармоқларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари биргаликда амалга оширилаётгани, мамлакатлар ўртасида мунтазам авиақатновлар кўпайгани таъкидланди.
Туркиянинг етакчи компанияларини қўшма, шу жумладан автомобиль саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш ва узоқ муддатли саноат дастурини қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Togg электромобилининг тақдимоти бўлиб ўтди. Вазир Мустафо Варанк автотранспорт воситасининг техник кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, унинг калитини тантанали равишда топширди.
Мамлакат етакчиси миннатдорлик билдириб, Туркия президенти ва халқини машинасозлик тармоғида эришилган улкан муваффақият – электромобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан қутлади.
Давлат раҳбари Туркияда биринчилардан бўлиб ишлаб чиқарилган ушбу электромобиль рулига ўтириб, уни ҳайдаб кўрди.
Мавзуга оид
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
09:50 / 04.11.2024
Туркия ТИВ раҳбари: Украина яхлитлиги тинчликнинг шартидир
10:30 / 02.11.2024