Жаҳон | 10:28 / 14.04.2023
14116
3 дақиқада ўқилади

Пентагон махфий маълумоти: Патрушев ва Герасимов урушни тугатмоқчи бўлган

Пентагондан сизиб чиққани айтилаётган ҳужжатлардан бирида Россия элитаси ичидаги бўлиниш ҳақида гап кетган. Худди шу ҳужжатга кўра, Путин саратон касаллигига чалинган.

Россия Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Россия армияси Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия ва Украина ўртасидаги урушни имкон қадар тезроқ тугатиш мақсадида ҳарбий операцияларни саботаж қилиш акциясида иштирок этган бўлишлари мумкин. Бу ҳақда 13 апрель, пайшанба куни бир қатор немис ОАВ, жумладан, Tagesspiegel ва Focus нашрлари томонидан эълон қилинган Пентагонга тегишли махфий ҳужжатлардан бирида айтилади.

Кремлга яқин манбага иқтибос келтирган украиналик манбага кўра, Герасимов ва Патрушев Украинага қарши урушни саботаж қилиш ва тугатишни режалаштиришган. Бунинг учун улар қўшинларни жанубга ўтказиш ниятида эдилар. «Икс» кунини улар Владимир Путин кимётерапия курсини бошлаши керак бўлган ва содир бўлаётган воқеаларга таъсир қила олмайдиган 5 мартга белгилаган. Шу тариқа, манбага кўра, Путин саратон касаллигига чалинган. Кейинчалик Герасимов ўз режаларидан воз кечган. Ҳужжатдаги маълумотларнинг тасдиқланиши йўқ.

Махфий деб айтилган ҳужжатлар март ойи бошида интернетдаги турли форумларда пайдо бўла бошлади ва дастлаб унчалик эътиборни тортмади. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, улардан Россия ва Украина армиясининг аҳволи ва хусусан, Украинанинг бўлажак қарши ҳужумига қониқарсиз тайёргарлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

7 апрель куни The New York Times газетасининг ёзишича, интернетда Америка хавфсизлик хизматлари ва ҳарбий департаментлари иши натижаларини акс эттирувчи, «сиздирилган» янги махфий ҳужжатлар тўплами пайдо бўла бошлади. 

Ҳужжатларда турли махфий маълумотлар, жумладан, Украина, Яқин Шарқ, Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва Хитой бўйича брифинглар, шунингдек, терроризмга қарши кураш бўйича расмий фойдаланиш учун мўлжалланган ҳисоботлар мавжуд.

Нашр таянган номи ошкор этилмаган расмийларга кўра, янги партияда юзга яқин ҳужжат чоп этилган. NYT суҳбатдоши бу воқеани Австралия, Канада, Янги Зеландия, Буюк Британия ва АҚШни ўз ичига олган FVEY разведка альянси учун «қўрқинчли туш» деб атади.

Мавзуга оид