21 ёшли миллий гвардиячи

13 апрел куни New York Times маълумотларни АҚШ Миллий гвардиясининг 21 ёшли зобити Жек Тейшейра сиздиргани ҳақида хабар эълон қилди. Кўп ўтмай бош прокурор Меррик Гарленд бу иш бўйича чиндан Тейшейра гумондор сифатида қўлга олинганини тасдиқлади. 21 ёшли йигит АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий ҳаво кучларининг 102-махсус разведка бўлинмаси зобитидир.

«Бугун куннинг иккинчи ярмида ФҚБ агентлари Жек Тейшейрани ҳеч қандай қаршиликсиз қўлга олишди», деди АҚШ бош прокурори. Унинг сўзларига кўра, Тейшейра ҳарбий йўналишдаги махфий маълумотларга эга чиқиш ва уларни тарқатиш айблови билан қўлга олинган.

Аввалроқ Пентагон расмий вакили Пэт Райдер матбуот анжуманида бу жиноят қасддан содир этилганини айтганди.

Тейшейрани қўлга олиш жараёнида ФҚБнинг кўплаб агентлари қатнашган. Улар Тейшейранинг Массачусетс штатидаги уйига зирҳли автомобилда боришган. Йигит ҳеч қандай қаршиликсиз таслим бўлган.

Гумондор қўлга олингунига қадар Америка нашрларида махфий маълумотлар қандай тарқалгани ҳақида турли тахминлар билдирилаётганди. Хусусан, Washington Post махфий маълумотларни ҳарбий қисмлардан бирининг ходими онлайн ўйиндаги чатда дўстларига тарқатгани ҳақида ёзди. Кейин эса New York Times ўз журналистлари маълумотни тарқатган ҳарбийнинг исми ва лавозимини аниқлаганини эълон қилди.

Washington Post эълон қилган постда номаълум ҳарбий онлайн ўйин ихлосмандлари орасида машҳур Discord платформасидаги кам сонли ҳаммаслаклари билан махфий маълумотларни бўлишгани ёзилганди. WP нашрига кўра, бу кам сонли инсонлар ҳарбийнинг «ўзи каби қуролни севадиган» йигитлар бўлган.

NYT нашри ёзишича, Тейшейра Discord платформасида 20-30 кишидан иборат ўзи каби «қуролларни севадиган», ирқчилик кайфиятидаги мемлар ҳамда видеоўйинларга қизиқадиган йигитлардан иборат гуруҳ тузган. Газета мухбири билан суҳбатда бўлган икки мансабдорнинг айтишича, Тейшейра айнан онлайн чатда давлатга тегишли махфий ҳужжатларни тарқатгани учун ҳибсга олинган.

Бир неча ой аввал бу кичик чат-гуруҳга фойдаланувчилардан бири бир неча юз саҳифадан иборат АҚШ разведкаси маълумотларини жойлаган. NYT Тейшейра томонидан тузилган ва махфий маълумотлар тарқалган «Thug Shaker Central» чат-гуруҳининг тўрт нафар аъзоси билан гаплашган. Уларнинг бири маълумотни тарқатган йигитни уч йилдан буён танишини айтган. Бу йигит маълумотни тарқатган одам билан кўришганини айтиб, уни O.G деб атаган.