Жаҳон | 18:51 / 17.04.2023
12642
2 дақиқада ўқилади

Newsweek: Пентагон махфий ҳужжатларида Украина қарши ҳужумининг тахминий санаси кўрсатилган

Фото: Reuters

Пентагон ва Америка разведкасининг ижтимоий тармоқларга сиздирилган ҳужжатларида Украина армиясининг режалаштирилган юриши (ёки қарши ҳужуми, журналистларга кўра, икки вариант ҳам учрайди) санаси келтирилган — бу 2023 йил 30 апрелидир.

Newsweek нашрининг ёзишича, Пентагон ва разведка юришда тўққизта бригададан фойдаланиш режалаштирилгани ҳақида хабар қилган. Уларнинг Украина иттифоқчиларидан техникага бўлган эҳтиёжи 253 та танк, 381 та механизациялашган машина, 480 та моторли машин, 147 та артиллерия қуроли, шунингдек, 571 та махсус зирҳланган Humvee русумли автомобилларига баҳоланган.

Newsweek нашрининг ёзишича, ҳужжатлардан хулоса қилиш мумкинки, Украинанинг иттифоқчилари украин ҳарбийларини ҳужумга тайёрлашда тўғридан тўғри иштирок этади. Лекин жангчиларни тайёрлаш Украинадан ташқарида амалга оширилаётгани қайд этилган.

Махфий ҳужжатлар тарқалиб кетганидан кейин Украинанинг ҳужум бўйича режалари ўзгаргани ёки йўқлиги маълум эмас. Аввалроқ Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Американинг ABC News телеканалига берган интервюсида маълумотлар сизиб кетгани «ҳужум амалиётларининг реал натижалари»га ҳеч қандай таъсир кўрсата олмаслигини айтганди.

Журналистлар ўрганган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги тасдиқланмаган. Экспертлар қайд этишича, сиздирилган ҳужжатлар камида қисман таҳрирланган.

Мавзуга оид