Махфий разведка маълумотларига кириш ҳуқуқига эга бўлиш аслида одамлар ўйлаганидек камёб ҳодиса эмас.

14 апрел куни судда айбланувчи сифатида иштирок этган Жек Тейшейра АҚШ Миллий гвaрдиясининг ҳарбий-ҳаво қўшинларида кибертранспорт тизимлари ходими бўлиб ишлаган (қўшимча тавсифга кўра, унинг вазифалари алоқа тизимларини техник қўллаб-қувватлаш билан чекланган).

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари веб-сайтидаги тегишли вакансия тавсифида Тейшейранинг лавозимига қўйиладиган минимал талаблар кўрсатилган.

Талаблар орасида тўлиқ ўрта таълим маълумотига эга бўлиш ва кенг қамровли таржимайи ҳол текширувидан ўтиш бандлари мавжуд.

Мутахассислар таъкидлашича, бу текширув етарлича чуқур амалга оширилади. Текширув доирасида номзоднинг таълим даражаси, молиявий тарихи ва алоқалари ўрганилади, шунингдек, уни таниган одамлар билан суҳбат ўтказилади.

Ва юқори даражадаги махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлиш ҳатто 21 ёшли ходим учун ҳам мутлақ мумкин бўлган иш.

«Унинг ёшидаги одамлар учун махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлиш – одатий ҳол», дейди Янги Америка хавфсизлиги таҳлил марказининг «Технология ва миллий хавфсизлик» дастури тадқиқотчиси Александр Сеймур.

АҚШ мудофаа вазирлиги статистик маълумотларига кўра, мамлакат армиясидаги фаол ҳарбий хизматчиларнинг тахминан ярми 25 ёш ёки ундан кичик ёшдагилардир.

Тейшейранинг хизмат вазифалари тафсилотлари ҳали тўлиқ аниқ бўлмаса-да, Сеймурнинг фикрича, унинг иши катта миқдордаги разведка ҳужжатларига киришни талаб қилган.

«Одатда Тейшейранинг даражасидаги ходимлар юқори мартабали раҳбарларга ёрдам беради ва агар у юқори лавозимли раҳбарлар ёки брифинглар учун материаллар тайёрлаган бўлса, демак унда бу маълумотларга кириш зарурати бўлган», дейди Сеймур.

Афтидан, суратга олиниб, интернетга жойланишидан олдин ҳужжатлар қоғозга чиқарилган ва букланган
Фото: DEFENSE INTELLIGENCE AGENCY

11 сентябр воқеаларидан кейин маълумотлар сиздирилиши кўпайган бўлиши мумкин

Лондондаги Брунел университети разведка ва хавфсизлик бўйича катта ўқитувчиси Ден Ломаснинг айтишича, АҚШ ҳарбий ва разведка идораларида бир неча минглаб одамлар шунга ўхшаш даражадаги махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга.