Жаҳон | 07:49 / 18.04.2023
16937
2 дақиқада ўқилади

«Вагнерчилар» Gulagu.net'га Украинадаги қотилликлар ҳақида гапириб берди

Собиқ маҳбуслар Владимир Осечкинга Бахмут ва Соледарда украиналик ҳарбий асирлар ва тинч аҳоли, жумладан, болалар ўлдирилгани ҳақида гапириб беришди. Уларнинг даъволари бошқа манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Собиқ маҳкум Азамат Улдаров / Видеодан кадр

Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси Украинада «Вагнер» ХҲК таркибида жанг қилган ва Россия президентининг фармони билан афв этилган икки собиқ россиялик маҳбуснинг кўрсатмаларини эълон қилди. Тегишли хабарни 17 апрель, душанба куни лойиҳа асосчиси Владимир Осечкин ўзининг Facebook'ида жойлаштирди.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг Саратов вилоятидаги 13-сонли колония собиқ маҳкуми Азамат Улдаров Соледар ва Бахмутда болаларни буюртма асосида қандай қилиб ўлдирганини айтиб берди. «Улар ҳаммани тозалаш ва йўқ қилиш буйруғини беришди» - эркаклар, аёллар, қариялар ва болалар, деб таъкидлади собиқ маҳбус. Хусусан, у Соледарда бир қизни қандай ўлдирганини айтиб берди. «У беш-олти ёшда эди, мен ўқ узганман, биласизми, назорат ўқини», - деди Улдаров.

Ўз навбатида, Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг Воронеж вилоятидаги 1-сонли колония собиқ маҳкуми Алексей Савичев ҳуқуқ ҳимоячиларига буйруққа бўйсунишдан бош тортган 70 га яқин собиқ маҳбус унинг иштирокида отиб ташланганини айтди. Бундан ташқари, у 2023 йил январь ойида ўзининг юқори қўмондонлари буйруғига биноан Бахмут ҳудудидаги ариққа 30 га яқин Ф-1 гранаталарини улоқтиргани, у ерда ҳалок бўлган ва яраланган украиналиклар ҳамда россияликлар бўлгани, шундан сўнг жасад қолдиқларига ўт қўйганлиги ҳақида гувоҳлик берди. 

Осечкин таъкидлаганидек, собиқ маҳбусларнинг иккаласи ҳам Россия ҳудудида бўлиб, хориж махсус хизматларининг таъсири остида бўлмаган ҳолда ўз кўрсатмаларини берган. Шу билан бирга, собиқ «вагнерчилар» томонидан айтилган воқеалар, шунингдек, видеодаги одамлар кимлар эканлиги ҳали бошқа манбалардан тасдиқланмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид