Тошкент шаҳри Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари Махтумқули кўчасидаги транспорт оқимларини таҳлил қилиб, светофорлар ишини «яшил тўлқин» тамойили асосида мувофиқлаштирди.

Марказ маълумотига кўра, ҳаракат интенсивлиги, транспорт оқимининг кун давомида тақсимланиши, светофор цикллари давомийлиги ва чорраҳалар ўртасидаги ҳаракатланиш вақти таҳлил қилинган. Натижада кўчадаги 11 та светофор объектининг ишлаш тартиби ўзаро мувофиқлаштирилган.

Махтумқули кўчасида суткалик ўртача транспорт оқими қарийб 90 мингта автомобилни ташкил этади.

«Яшил тўлқин» тизими транспорт оқимининг асосий йўналишидан келиб чиқиб, икки режимда ишлайди. Соат 00:00 дан 13:00 гача тизим Тошкент шаҳри маркази томон — Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги уч даражали йўл ўтказгичдан Амир Темур хиёбони йўналишида созланган.

Соат 13:00 дан 00:00 гача эса тескари — Амир Темур хиёбонидан Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги йўл ўтказгич томон ҳаракат устувор ҳисобланади.

Мувофиқлаштирилган йўналиш бўйича ҳисобланган ҳаракат тезлиги 55 км/соатни ташкил этади. Шу тезликда ҳаракатланган автомобил кейинги чорраҳаларда яшил чироқ ёнадиган ҳисобланган вақт оралиғига кетма-кет тушиши кўзда тутилган.

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, оптималлаштириш натижасида йўналишнинг ўтказувчанлик қобилияти 12 фоизга ошган, ўртача ҳаракатланиш вақти эса 10 фоизга қисқарган.

Қайд этилишича, «яшил тўлқин» йўналиш бўйлаб барча светофорларда узлуксиз яшил чироқ ёниб туришини англатмайди. Тизимнинг вазифаси светофор циклларини математик ҳисоб-китоблар асосида мувофиқлаштириб, автомобилларнинг тўхташлари ва чорраҳаларда кутиш вақтини камайтиришдан иборат.

Айни пайтда ҳақиқий ҳаракатланиш вақти транспорт оқими зичлиги, ҳайдовчиларнинг тезликка риоя қилиши, жамоат транспорти ва пиёдалар ҳаракати, ЙТҲ, таъмирлаш ишлари ҳамда йўлдаги бошқа ҳолатларга қараб ўзгариши мумкин.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам транспорт оқимларини таҳлил қилиш ва светофорлар ишини ўзаро мувофиқлаштириш ишлари давом эттирилаётганини маълум қилди.