РФ Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда давлатга хиёнат (Россия Жиноят кодексининг 275-моддаси) бўйича умрбод қамоқ жазосини жорий қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Тегишли маълумотлар 18 апрель, сешанба куни Россия парламенти сайтида пайдо бўлди.
Қонун лойиҳаси Давлат думасига 7 апрель куни киритилган ва ўзгартиришлар матни парламент маълумотлар базасида бир кун аввал пайдо бўлган. Ҳозир давлатга хиёнат моддаси бўйича жазо - 12 йилдан 20 йилгача.
Бундан ташқари, депутатлар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг қуйи ва юқори чегараларини сезиларли даражада оширди.
Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (теракт) бўйича энг юқори жазо 15 йилдан 20 йилгача кучайтирилмоқда. Шунингдек, терроризмга кўмаклашиш (Жиноят кодексининг 205.1-моддаси) моддаси бўйича ҳам муддатлар юқорига қараб ўзгартирилмоқда: биринчи қисмга кўра, судлар 7 йилгача (олдинги таҳрирдаги 5 йил ўрнига), иккинчи қисмга эса 12 йилгача (10 йил ўрнига) озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаши мумкин. Террорчилик фаолиятида иштирок этганлик учун (Жиноят кодексининг 205.4-моддаси 2-қисми) энди 10 йилдан 15 йилгача (илгари 5 йилдан 10 йилгача) муддат берилади.
Бундан ташқари, РФ Жиноят кодексининг 284.3-моддаси пайдо бўлади (Россия иштирок этмайдиган халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлат органларининг «қарорларини бажаришда ёрдам бериш»). Унда 300 мингдан 1 миллион рублгача жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.











