Ўзбекистон | 17:22 / 20.04.2023
11123
3 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкентда бетон қоплама билан ўралган дарахтларни бетондан тозалаш бўйича экоакция бошланди

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

2023 йил 20 апрелдан Тошкент шаҳрида табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан «Дарахтларни асрайлик» экоакцияси бошланди. Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, акция доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги бетонланган ва асфалтланган дарахтлар қутқарилади, дарахтлардаги реклама баннерлари ва ёруғлик берувчи пластик буюмлар олиб ташланади.

Тадбирда табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳамда туман ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та сектор, туманлар ҳудудий тузилмалари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экофаоллар иштирок этди.

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад бетонланган ёки асфалтланган дарахтларнинг пойдеворини очиш ва уларнинг бардавомлигини таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади.

«Бугун шаҳримизда кўплаб дарахтларнинг бетон ёки сунъий қопламалар билан ўралганини кўриш мумкин. Бу дарахтларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, тунги ёруғлик мосламаларини ўрнатиш орқали дарахтларга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, бу уларнинг табиий ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Дарахтларни асрайлик» экоакцияси мавжуд дарахтларни бетон ва асфалт қопламасидан, пластик ёриткичлардан (гулчалар, лампочкалар) ва реклама баннерларидан озод қилишга қаратилган. Табиат ресурслари вазирлиги томонидан аҳолидан мурожаатлар йиғилиб, дарахтларнинг табиий ўсиши жараёнига халақит бераётган муаммолар ободонлаштириш бўлимлари ва фаоллар билан биргаликда бартараф этилади», – деди А.Абдуҳакимов.

Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан 11 та йирик йўл четида мониторинг ишлари олиб борилганда 250 турдаги манзарали ва мевали дарахтларнинг пойдевори бетонлангани аниқланган. Экоакция доирасида барча ҳолатлар бартараф қилинади. Бу акция Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида давом этади.

Дарахтларни муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида Табиат ресурслари вазирлиги томонидан @ecogovuz_bot
телеграм боти ишга туширилди, у орқали дарахтларга зарар етказилгани тўғрисида электрон шаклда ариза юбориш мумкин.

Мавзуга оид