Транспорт вазирлиги вакили Kun.uzʼга тақдим қилган маълумотларга кўра, пойтахтда доимий рўйхатдан ўтган аҳоли сони қарийб 3 млнга етган. Шунинг 1,3 миллиони иш билан таъминланган. Қайд этилишича, шаҳарга атроф худудлар ва бошқа вилоятлардан кунига 1,4 млн одам келиб кетади, яна 300 минг талаба пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларида таҳсил олади. Шундан келиб чиқсак, Тошкентда кунлик ҳаракатланишга эҳтиёжи бўлган аҳоли сони 2,7 млн нафарни кўрсатмоқда.

Тошкент шаҳрининг автомобил йўлларидаги автобус қатновлари бўйича юкламалари ва кирувчи оқим.
Фото: Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси  

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжи 6 млн сафарни (бир нафар йўловчи манзилга бориш /қайтишда ҳам автобус, ҳам метродан ёки шахсий транспортдан фойдаланган бўлиши мумкин, “пересадка”лар ҳам ҳисобланади) ташкил этади. Шундан 1,4 млн сафар автобус, микроавтобус ва метрода, қолган 4,6 миллиони эса ҳозирда пойтахт йўлларида харакатланаётган 800 мингта енгил ва шахсий транспортга тўғри келмоқда.

Пойтахт йўлларидаги транспортларнинг ҳозирги юкламаси.
Фото: Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси  

Пойтахт аҳолиси йилига 100 минг нафарга, транспортлар сони 71 мингтага (2022 йил) ўсишини инобатга олсак, тирбандлик кузатилаётган асосий транспорт артерияларга юклама ортиб бориши табиий. Айниқса, бу юклама ўқув йили бошланиши – сентябрь ойида яққол кўзга ташланади. Бунинг олдини олиш учун эса жамоат транспортига устуворлик бериш, ташув қувватини ошириш, шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш орқали тирбанлик даражасини пасайтиришга эришиш мумкин.

Хўш, бунинг учун нималар қилинмоқда?

Пойтахтда 34 та йирик коридор бор. Автобусларга устуворлик бериш, улар учун алоҳида махсус йўлаклар жорий қилиш, инфратузилмани яхшилаш учун Транспорт вазирлиги ҳамда вазирликнинг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси билан биргаликда 13 та коридор танлаб олинган. Лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, бу жараёнда ҳар бир коридорга автобус йўлаклари ва светофорларнинг мувофиқлаштирилган бошқаруви жорий этилади.