Ўзбекистон аҳоли сони жадал ўсиб бораётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб мамлакат аҳолиси 40 миллионга, 2040 йилда эса 50 миллионга етиши мумкин. Аммо, Ўзбекистонда ер, сув ресурслари, табиий бойликлар чегараланган, уларнинг миқдори йилдан йилга камайиб бормоқда. Бундай шароитда иқтисодиётнинг аҳолини боқишга қурби етадими? Мамлакат «Малтус тузоғи»га тушиб қолмайдими?

---------------------------------

XXI асрга келиб дунё аҳолиси сони геометрик прогрессияда ўсишни бошлади. Бироқ, уни таъминлайдиган ер, сув ресурслари, табиий бойликлар миқдори чегараланган. Агар аҳоли сони ўзини-ўзи таъминлай оладиган даражадан ошиб кетса нима бўлади? Ана шундай ҳолат юз берганда мамлакат «Малтус тузоғи»га тушиб қолиши мумкин. Бу жуда хавфли ҳолат ва ундан чиқиб кетиш ҳам осон бўлмайди.

«Малтус тузоғи» нима?

«Малтус тузоғи» (инг. Malthusian trap) – саноатдан олдинги жамиятларга хос даврий такрорланувчан ҳолат бўлиб, аҳолининг ўсиши якунда тупроқ унумдорлиги (ер ресурслари) билан чегараланган озиқ-овқат ишлаб чиқариш ўсишидан ошиб кетишини англатади. Бошқача айтганда, аҳоли сони маълум бир кўрсаткичга етганидан сўнг, озиқ-овқат тақчиллиги юзага келади. Бунга сабаб – мавжуд ресурслар (ер, сув ва бошқалар) чегаралангани. Бу ҳолат биринчи марта 1798 йилда британиялик олим Томас Малтус томонидан тавсифланган.

Саноатдан олдинги, қадимги жамиятларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўсиши ҳам, аҳолининг катта қисми турмуш шароити яхшиланиши ҳам кузатилмаган. Аксинча, одамлар очлик чегарасига яқин шароитда яшаган. Бундан ташқари, аҳоли зичлиги критик нуқтага етганда одатда урушлар, эпидемиялар ёки очарчилик каби ҳалокатли ҳолатлар юз берган. Ўз навбатида, бу аҳоли депопуляциясига, унинг сони қисқаришига олиб келган.

Чорвачилик билан шуғулланадиган қабилалар чорва моллари сони аҳоли сонидан ҳам тезроқ ўсиши мумкинлигига қарамай, экологик имкониятларнинг максимал чегарасига жуда тез яқинлашган. Бу чорвани боқиш учун зарур бўлган табиий яйловларнинг чекланган майдонлари туфайли юз берган. Оқибатда бу кўчманчиларнинг қишлоқ хўжалиги ҳудудларига мунтазам босқинчилик ҳаракатларини юзага келтирган.

Ҳалокатли депопуляциянинг замонавий мисоли сифатида Африканинг аҳоли сони кўп бўлган Руанда давлатини келтириш мумкин. 1994 йилда миллатлараро адоват ва зўравонликлар оқибатида бу мамлакатда миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди, 20 фоиз аҳоли қочқинга айланди.

Саноатдан олдинги жамиятларда аҳоли ўсиш суръатлари ҳар доим технологик ўсиш суръатларидан (демак, озиқ-овқат ишлаб чиқариш суръатлари ўсишидан ҳам) анча юқори бўлгани сабабли, аҳоли жон бошига озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажми анча тез (тахминан ҳар 25 йилда) очлик чегарасигача тушиб кетган. Шу сабабли бундай жамиятлар вақти-вақти билан «Малтус тузоғи» ўлжасига айланган.