Ўзбекистон | 08:21 / 26.04.2023
7936
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик олимлар пиёзнинг янги навини ихтиро қилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Андижон илмий-тажриба станцияси олимлари томонидан пиёзнинг “Малла” нави яратилди. 

Фото: Agro.uz

“Янги Ўзбекистон” нашри хабарига кўра, ҳозирда ушбу нав учун патент олишга ҳужжатлар топширилган. Ушбу нав интенсив усулда етиштирилаётгани билан ажралиб туради.

Янги пиёз навининг уруғи ерга мартнинг дастлабки ўн кунлигида сепилади. Хусусан, 15 сотих ерга 10-12 килограмм пиёз уруғи сепилади, шу майдондан териб олинган пиёзбошчалар эса бир гектар майдонга етади. Пиёзбошчалар гилос катталигида бўлгандан сўнг йиғиб олинади. Пиёзбошчалар қуритилиб, алоҳида жойга олиб қўйилади ва сентябрь ойининг биринчи декадасида 70×10 схемада 4 қатордан гектарига 571,4 минг дона экилади.

Пиёзбошчалар экилганидан сўнг унга бир маротаба сув қўйилади. Шундан сўнг пиёзбошчалар кўкара бошлайди. Қишнинг совуқ кунларида етиштирилгани учун пиёзларни ўташ шарт эмас, сабаби, ушбу мавсумда ўтлар нобуд бўлади.

Экилган пиёзларга эрта баҳорда бир маротаба ишлов берилади. Шунингдек, бир маротабадан култивация ва чопиқ, енгил озиқлантириш ишлари амалга оширилади. Яна икки маротаба суғорилади. Баҳорда, яъни 15 апрелда пиёз техник пишиб етилади ва аҳоли истеъмоли учун маҳаллий бозорларга чиқарилади. Янги пиёз нави одатий пиёзларга қараганда бир ой олдин пишиб етилади.

Мавзуга оид