Ўзбекистон | 16:55 / 30.04.2023
9461
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддан репортаж: кўзи ожиз фуқаролар овоз бериши учун ҳам шароитлар яратилди

Дастлабки тўрт соат ичида самарқандлик сайловчиларнинг 46 фоизи референдумда қўйилган масалаларга ўз муносабатини билдирди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 30 апрел куни мамлакат бўйлаб «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилмоқда.

Самарқанд вилояти чегараси доирасида 7-Самарқанд референдум округи тузилган бўлиб, унинг таркибида жами 1111 та участкалар ташкил қилинди.

Энг кўп участкалар Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида, энг ками Каттақўрғон шаҳрида ва Пахтачи туманида тузилди.

– Кўзим туғма ожиз бўлса-да, мактабда дарс бераман. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида таълимга оид бир қатор янгиликлар ҳам бор. Умуман, биз кутган кўпгина имкониятлар, янгиликларга гувоҳ бўлдим. Мана, бугун кўзи ожиз инсонлар учун ҳам махсус брайл ёзувида бюллетен ташкил қилинибди. Ҳудудимиздаги участкага келиб, фарзандларим эртаси, фаровон турмушимиз учун танлов қилдим, – дейди Жомбой туманидаги 31-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Маъруф Расулов.

Округ комиссияси матбуот марказида ўтказилган брифингда соат 12:00 га қадар овоз берувчиларнинг 46 фоизи референдумда қўйилган масала юзасидан ўз муносабатини билдиргани маълум қилинди.

7-Самарқанд округи комиссияси раиси Фармон Тошевга кўра, овоз берувчиларнинг умумий сони 2 миллион 81 минг 436 нафарни ташкил қилган. Уларнинг 65 минг нафарини илк бор ушбу сиёсий жараёнда қатнашаётган ёшлар ташкил қилмоқда. Участкаларда овоз бериш жараёнларини сиёсий партияларнинг, илк бор маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллари бевосита кузатиб бормоқда.

Бундан ташқари, қирқдан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, чет эл ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам Самарқанддаги референдум жараёнларини кузатмоқда.

Шу пайтгача округ комиссиясига референдумга оид қонунчилик бузилиши юзасидан мурожаат келиб тушмаган.

Мавзуга оид