Шанба куни Украинанинг 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Севастопол шаҳрида жойлашган нефт базасида йирик ёнғин содир бўлди. Аннексия қилинган Қримнинг Москвадан тайинланган раҳбарияти Казачя бухта микрорайонида жойлашган омборга Украина дронлари ҳужуми амалга оширилганини маълум қилди. Киевда эса бу ишни украиналиклар қилгани ҳақида гапиришмади, аммо Қримдаги ҳарбий объектлардан узоқроқ туришни тавсия қилишди.

Россия ва Украинадаги Telegram-каналлар шанба куни тонг саҳардан Қримдаги йирик ёнғин ҳақида хабарлар эълон қила бошлашди. Кейинроқ Севастополдаги фавқулодда хизматлар Казачя бухтада ёнилғи сақланадиган 4 та резервуар ёнаётганини тасдиқлаб, ёнғин 2-3 минг кв.метр майдонни қамраб олганини билдирди.

Нефт омборида энг юқори – тўртинчи даражали мураккабликдаги ёнғин содир бўлган. Уни бартараф этиш учун Севастополдаги фавқулодда вазиятлар хизматларнинг барча ходимлари жалб қилинган. Шунингдек, Қримнинг бошқа ҳудудларидан ёрдамчи кучлар чақирилган. Россия Қора денгиз флотидан ҳам ёрдам келган. Ёнғинни ўчириш учун 150 киши 50 та техника билан ҳаракат қилган.

Россиялик депутат Михаил Шеремет бу воқеани «одамларни қўрқитишга қаратилган» теракт деб атади. Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбарлари ёнғин Украина дронлари ҳужуми оқибатида келиб чиққанини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, фуқаролик инфратузилмасига зарар етмаган ва одамларни эвакуация қилиш зарурати юзага келмаган.

Қримнинг Москва томонидан қўйилган раҳбари Сергей Аксеновнинг сўзларига кўра, Севастополга дронлар ҳужуми амалга оширилган вақтда Қрим осмонида битта дрон тўхтатилган ва яна биттаси уриб туширилган.

Шанба куни Севастополдаги йирик ёнғин кадрлари ижтимоий тармоқларда тарқалди

Киевдагилар доимгидек бу ишга алоқаси борлиги ҳақида очиқ баёнот бермай, буни «Умандаги ўлдирилган одамлар учун Худонинг жазоси» деб аташди.

«29 апрел куни Севастополда Уманда ўлдирилган (хусусан болалар ҳам бўлган) украиналиклар учун Худонинг русларга жазоси ўлароқ портлаш содир бўлди. Бу жазо ҳали узоқ давом этади», деди Украина мудофаа вазирлиги бош разведка ташкилоти раҳбари Андрей Юсов.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин оқибатида Россия Қора денгиз флоти техникалари учун мўлжалланган 40 минг тонна нефт маҳсулотлари ёниб кетган.