Шаҳодат Муродова “Микрофон қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони бўлди.
Орзуларга бой ва машаққатли болалик
Жиззах вилоятиданман. Оилада икки қизмиз. Болалигим орзуларга тўла бўлган. Биринчи шифокор бўлишни, кейинроқ эса тележурналист бўлишни орзу қилганман. Адабиёт, шеъриятга муҳаббатим баланд эди.
Болалигим бироз қийин ўтган. Мен ҳали икки ёш пайтим дадам автоҳалокат туфайли вафот этган. Синглим ҳам бу пайти жуда кичик эди. Бизни отамнинг ота-онаси – бобо-бувим катта қилишган. Улар ёши каттароқ бўлгани ва ҳеч қаерда ишламаганликлари сабабли оиламизда моддий қийинчиликлар ҳам бўлиб турарди. Ўқишга боришим учун йўлкира топилмай қолган пайтлар ҳам бўлган. Бироқ бобо-бувимнинг (Аллоҳ раҳматига олсин) ўқишга муҳаббат қўйишимизда ҳиссалари жуда катта бўлган. Улар бизни ўқишга рағбатлантиришган, тезроқ турмушга бериб юбориш ҳақида эмас, аввало, илмли бўлиб йўлимизни топиб олишимиз ҳақида ўйлашган.
Ўрта таълимни тугатгач, Тошкентдаги Шарқшунослик университетининг Хитой тили филологияси факультетига ўқишга кирганман. Журналист бўлиш орзум ҳали ҳам қатъий эди, лекин абитуриент пайтим “Журналист бўлиш учун айнан журналистикада ўқиш шартмас, хорижий тилларни билиш, илмли бўлиш билан яхши журналистга айланиш мумкин”, деган гапни эшитганман ва айни шу факультетни танлаганман. Шартнома асосида ўқиганим сабабли дарсдан кейин контракт пулимни ишлаб топиш учун ўқув марказларида хитой тилидан дарс берардим.
“Хитойга кетиш имконидан воз кечганман...”
Ўқишни битириб Жиззахга қайтиб борганман, бу орада бўлажак турмуш ўртоғим Жанубий Кореяда магистратурани тугатиб, ишга жойлашиб оила қуриш учун Ўзбекистонга қайтиб келган. Facebook орқали мени кўриб, уйимизга совчи жўнатган ва учрашувда бир-биримизга маъқул бўлганмиз. Бироқ мен Хитойда ўқиш учун Конфуций грантини ютиб олгандим ва ўша пайтда ўқишга кетиш учун ҳужжат ишлари билан юргандим, визам ҳам тайёр бўлганди. Турмуш ўртоғим эса “Хитойга кетманг, Кореяга олиб кетаман, ўша ерда ўқийсиз, шароит қилиб бераман”, деганди. Ўша пайт олдимда иккита танлов қолган: Хитойда ўқиш орзум эди, грантим бор, буни танлайми ёки оилали бўлиб, Кореяда янги ҳаёт бошлашними деб иккиланганман ва оилани танлаб, тўйга розилик бердим.


















