5 май куни АҚШ, Канада, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Туркия каби давлатларда шифокорлик қилаётган ўзбеклар билан соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов учрашуви бўлиб ўтди. Шифокорлар Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини оёққа турғизиш учун ўз тажрибасидан келиб чиқиб таклифларини ўртага ташлади. Kun.uz мутахассислар таклифини бир жойда жамлади.

Умиджон Мадалиев, Британия қироллик қошидаги - RCGP Умумий амалиёт шифокорлари уюшмаси аъзоси; Англияда South Coast Medical Group (SCMG) компаниясининг бош партнер шифокори бўлиб ишлайди. Southampton тиббиёт университети талабаларига дарс ўтади.

 — Ўзбекистондаги катта муаммолардан бири — тил масаласи. Тиббиёт йўналишидаги талабларига тезроқ инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш керак. Шифокорлар қанча тез инглиз тилини ўрганса, шунчалик тез янги маълумотларга эга бўлади. Биз то россияликлар маълумотларни таржима қилмагунча кутишга ўрганиб қолганмиз. Бунда анча вақт кетиб қолади.

Иккинчи масала — ўқитиш тизимимиз анча эскириб қолган. Масалан, ҳиндлар инглиз тилини билиши ва Англия таълим тизими андозасида таълим ташкил этгани ҳисобига анча олдинда. Европада оилавий шифокор бўлиш учун 3 йил тайёргарликдан ўтиш керак, бизда эса 6 ой.

Тил, таълим тизимидан ташқари биринчи қиладиган иш соҳа қайси йўналишдан кетишини, аниқ тизимни белгилаб олиш керак. Ҳар бир давлатнинг ўз тизими бор. Халққа ёрдам бериш учун тезроқ бирламчи тизимни жорий қилиб олишимиз керак. Бизда профилактика билан деярли шуғулланилмайди. Масалан, энг кўп ўлимга сабаб бўладиган ҳолатлардан бири — қон босими кўтарилиши. 50 ёшдан ошган кишиларнинг қон босимини доимий текшириб туриш каби нарсалар йўлга қўйилмаган. Оддийгина мана шу қон босимини назорат қилиш ҳам катта ижобий таъсир қилади. Шунинг учун ҳам бирламчи тизимни янгилаш керак.

Лазиз Мардонов, АҚШда ишлаётган шифокор:

Америка ва Канадада тиббий кадрлар етишмовчилиги бошланган. Ўзбекистон шу бозорни ўрганиб, кадрларини юбориш йўлларини ўйлаб кўриши керак. Бу дегани ҳамма тиббиёт кадрлари Канада ёки АҚШга кетиб қолади дегани эмас. Уларга йўл очилганда ҳам, ҳаммаси ёппасига келиб Ўзбекистон шифокорсиз қолиб кетмайди. 100 нафардан 2 нафари кетган тақдирда ҳам кейинчалик тажрибаси билан Ўзбекистонга ўз ҳиссасини қўшади. Масалан, ўзбеклар Россия ёки АҚШга фақат қора ишчи бўлиб эмас, шифокор бўлиб кела олади. Яъни ақлли иммиграцияни ташкил қила оласизлар.

Покистон, Ҳиндистон, Араб давлатлари ва Филиппин ўқиш тизимини АҚШнинг системасига яқинлаштириб, имтиҳонидан ўтиб шу ерда ишлайди. Дунё бўйича жуда кўп давлатлар соғлиқни сақлаш тизимида Америка моделини олган ва бироз ўзгартирган. Бу моделларни яратиб бериш учун албатта пул тўлаган. Ва лицензиясини олиб ҳозир дунё стандартида иш олиб боряпти. Ўзбекистон ҳам ўз моделини танлаб, шунга катта пул ажратиши керак