Россия мудофаа вазирлиги жума куни Украина Донецк областида ҳужумга ўтганини тасдиқлади, бир кун олдин эса ҳарбий мухбирларнинг украин кучлари Бахмут ва Соледар йўналишида илгарилаётгани ҳақидаги хабарларини уйдирма деб атаганди. Украина президенти душманни «айрим йўналишларда ортга итқитиб ташлашга муваффақ бўлингани» ҳақида айтди.

«Мудофаа барқарорлигини ошириш мақсадида»

Пайшанба куни кечқурун россиялик ҳарбий мухбирлар ўз телеграм-каналларида фронтнинг бир қанча участкаларида Украинанинг анчадан буён кутилаётган қарши ҳужуми бошлангани ҳақида айтиб ваҳима кўтаришди. Бу ҳақда биринчи навбатда «Вагнер» ХҲК ва унинг асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор каналлар хабар тарқатди.

Пригожиннинг ўзи эса кун аввалида биринчи бўлиб тўлқин кўтариб берган, «қарши ҳужум қизғин паллада» экани ва Украина қуролли кучлари бўлинмалари Бахмут атрофида «қанотларга ўтаётгани», Россия армиясининг қанотларни ёпишга масъул бўлган қисмлари эгалланган ҳудудларни «амалда жангсиз» тарк этаётганини айтганди.

Пригожинга яқин бўлган «военкор» Александр Симоновнинг аниқлик киритишича, Украина қуролли кучларининг Бахмутдан 5 километр шимоли-ғарбдаги Богдановка қишлоғи ҳудудидаги ҳужуми муваффақиятли чиққан, бу ерда 9-мотоўқчилар полки «яна бир неча квадрат километр ҳудудни бой берган».

Богдановка Бахмут мудофаачилари учун катта аҳамиятга эга. У Часив Ярдан келувчи трасса бўйида жойлашган - сўнгги ҳафталарда вагнерчилар ушбу йўл ёқасига етиб келган ва Украина армияси Бахмутдаги гарнизон таъминотини асосий йўл орқали олиб бора олмай қолганди.

Россия мудофаа вазирлиги амалда ушбу участкадан чекинилганини тан олди. Богдановкадан шимоли-шарқда Берховка сув омбори жойлашган. Россия ҳарбий идораси баёнотига кўра, Россиянинг «Жанубий» гуруҳи бўлинмалари «мудофаа барқарорлигини ошириш мақсадида» «Берховка сув омборининг қулай шароитларини ҳисобга олган ҳолда» янги чизиқни эгаллаган.

Бу тан олиш Россия мудофаа вазирлиги пресс-релизида матн ичига яширилганди, асосий урғу эса россиялик ҳарбийлар Украина армиясининг фронт чизиғининг турли участкаларидаги бошқа барча ҳужумларини қайтарганига қаратилганди.

Шу билан бирга, Россия мудофаа вазирлиги биринчи марта Соледар шаҳри йўналишида ўз позицияларига йирик қарши ҳужум уюштирилганини тан олди. Унда таъкидланишича, пайшанба куни душман «томонларнинг узунлиги 95 километрдан ортиқ бўлган бутун туташув чизиғи бўйлаб» ҳужум операцияларини амалга оширган.