13:26 / 17.05.2023
13290

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди

Ҳукуматнинг “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирларни белгилаш таклиф қилинмоқда.

Хусусан, лойиҳа билан аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактикани амалга ошириш бўйича йўриқнома ҳамда Жиноятларнинг омилларини илмий диагноз асосида аниқлаш методикасини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактикани амалга ошириш бўйича йўриқномага мувофиқ маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органи таянч пункти (ҳуқуқ-тартибот маскани) профилактика (катта) инспектори, маҳалла раиси, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги ёшлар етакчисининг ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ижтимоий профилактика чораларини қўллаш бўйича кунлик якка тартибда манзилли ишлаш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, йўриқномада ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларнинг тоифалари белгиланиб, улар билан ишлашда маҳалла миқёсида профилактика инспектори томонидан маҳалла раисининг умумий бошқаруви остида амалга ошириладиган ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчисининг фаолиятини ташкил этиш тартибини амалиётга татбиқ этиш белгиланмоқда.

Жиноятларнинг омилларини илмий диагноз асосида аниқлаш методикасида эса жиноятларнинг омиллари, уларни аниқлаш ва илмий диагноз асосида аниқлаш тартиби белгиланмоқда ҳамда жиноятларнинг омилларини илмий диагноз асосида аниқлайдиган илмий ташкилотлар белгиланмоқда.

Шунингдек, ушбу фаолиятни замонавий ахборот-технологияларни қўллаган ҳолда E-jamoat xavfsizligi ахборот тизимининг “Ҳуқуқбузарликлар омиллари” модули орқали амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Top