Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари чегарасида жойлашган “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида қарийб бир тонна яроқсиз гўшт ортиб кетаётган Cobalt тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2023 йил 10 май куни соат 18:10 ларда Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ППХ, жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин бўлинмаси ва ЙҲХБ ходимлари “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида Қарши - Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келган Cobalt машинасини тўхтатган.
Кўкдала туманида яшовчи фуқаро Х.И. бошқарувида бўлган машина салони ва юкхонаси кўздан кечирилганда тегишли ветеринария ҳужжатларисиз, келиб чиқиши номаълум бўлган гўшт маҳсулотлари борлиги маълум бўлган.
Суриштирув давомида машинада 929 кг гўшт борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган.
Гўштнинг сифатини аниқлаш мақсадида, Қашқадарё вилоят ҳайвонлар касалликлар ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг лабораториясига олиб келиниб, текширувдан ўтказилганда истеъмолга яроқсизлиги аниқланган ва тегишли тартибда йўқ қилинган.















