Россиянинг энг йирик компаниясига алоқадор «Поток» («Оқим»), «Факел» («Машъал») ва «Пламя» («Аланга») номли ҳарбий бўлинмалар мавжудлиги ҳақида илк марта «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин апрел ойида айтганди. Бундан ташқари, журналистлар ҳукумат йил бошида «Газпром»га ўз қўриқлаш ташкилотини тузишга рухсат берганига эътибор қаратган. BBC «Газпром»га тегишли бу хусусий ҳарбий компаниялар ва уларнинг Украинага босқини ҳақида баъзи маълумотларни аниқлади.

21 апрел куни «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин РИА ФАН нашри журналисти Александр Симоновга интервю берган, ўша суҳбатда Украинадаги уруш учун тузилган бошқа хусусий ҳарбий компаниялар фаолиятидан нолиганди. «Пули бор ўша одамлар хусусий ҳарбий компания очиш ажойиб иш деб ўйлашади. «Газпром»да «Оқим» бор, [миллиардер Андрей] Бокарёвнинг хусусий ҳарбий компанияси, «Редут» дегани ҳам бор. Ҳамма ҳайвон ўз жуфти билан», деганди ўша интервюда Пригожин нолиб.

Путиннинг собиқ ошпази бошқа хусусий ҳарбий компаниялар «Вагнер» ҳужум қилаётган қанотга юборилаётгани, аммо улар урушишни билмагани учун ўз позицияларидан чекинаётганини айтганди: «Улар ўз хусусий ҳарбий компаниясини тузадиган даражада *** экани ҳақида Кремлда ҳисоб бериши керак. Ахир бу қандай ХҲК бўлдики, унда на авиация бор, на артиллерия бор. Уларда радиоэлектрон кураш воситалари ҳам, радиоэлектрон разведка ҳам, учувчисиз қурилма ҳам, жанговар комплект ҳам, оддий шифокорлар ҳам йўқ. Бу ҳам ҳеч нима эмас, асосий муаммо шундаки, уларнинг бошқарув тизими йўқ. Жанг қилиш учун тактикани тушунадиган командирлар бўлиши керак», деганди Пригожин. Унинг сўзларига кўра «Газпром»га тегишли «Оқим» ХҲК ёлланма ҳарбийлари жуда катта маош олган.

Журналист Симонов Пригожиннинг номаълум ёлланма аскар билан бўлган суҳбатини ҳам эълон қилганди. Видеода аскар унинг гуруҳи Бахмутдаги позициясидан чекингани, оқибатда «Вагнер»нинг кўплаб жангчилари ҳалок бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, гуруҳда алоқа ва ўқ-дорилар билан боғлиқ муаммо бўлган. Шунингдек, бошқарувда хаос ҳукм сурган.

Пригожин «Вагнер»дан бошқа хусусий ҳарбий компаниялар борлиги ҳақида биринчи бўлиб расман маълум қилди. Аммо журналистлар Россия бош вазири Михаил Мишустин ўз буйруғи билан «Газпромнефт»га хусусий қўриқлаш ташкилоти тузишга рухсат берганига эътибор қаратган.

Бу буйруққа асосан Омскда «Газпромнефт қўриқлаш корхонаси» тузилади. Унга Архангелск области ички ишлар бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Станислав Бауман раҳбарлик қилади. Тузилма таъсисчиси сифатида Омскда рўйхатга олинган «Стаф-центр» хусусий қўриқлаш корхонаси кўрсатилган. Бу ХҚК Петербургдаги қўриқлаш тузилмаларига тегишли. Бу ташкилотни эса уруш бошидан буён Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Омск бўйича бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Сергей Точилин бошқарган.