«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин 20 май куни ўз жангарилари томонидан анча олдин эгалланган вокзалда турган ҳолда Бахмут шаҳрининг маъмурий чегаралари тўлиқ забт этилгани ҳақида эълон қилди. Бир неча соат ўтиб у далил сифатида хизмат қилиши керак бўлган видеоларни намойиш этди: турли ҳудудлардаги биноларга Россия ва компания байроқлари ўрнатилгани акс этган кадрларни.
Видеога харита ҳам бириктирилган, унга кўра, байроқлар шаҳар ғарбидаги деярли барча районларда кўтарилган, биттасидан ташқари — шаҳардан жануби-ғарбий чиқиш жойига (аввал МиГ-17 самолётига ўрнатилган ёдгорлик билан танилган), бу ҳудуд 19 май куни ҳам «Вагнер» назоратига ўтмаганди. Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, Украина ҚК 20 май куни ҳам «самолёт зонаси»даги саноат биноларидаги позицияларида мудофаани давом эттираётганди.
Пригожин можаролашиб келаётган Россия мудофаа вазирлиги ҳам 21 майга ўтар кечаси «Артемовскни озод этиш» (шаҳарнинг советча номланиши) жараёни якунлангани ҳақида эълон қилди.
Шундай қилиб «Вагнер» ХҲК Бахмутни тўлиқ эгалладими?
Катта эҳтимол билан шундай. «Мунозарали» ҳудуд Чайковский кўчаси охиридаги бир неча ўн кўп қаватли уйлар, мактаб, болалар боғчаси ва гаражлардан иборат. Кўчанинг нариги томонида қишлоқ хўжалиги корхоналари жойлашган. Бинолар ва улар орасидаги бўшлиқ Украина қуролли кучлари бўлинмалари томонидан яхши мустаҳкамланган бўлиб, улар бу ерда феврал ойи охиридан буён мудофааланмоқда. Мунтазам ҳужумлар ва артиллерия зарбаларига қарамай, «Вагнер» ХҲК ўтган вақт давомида Украина қуролли кучларининг зич бинолардаги мудофаасини ёриб ўта олмаётганди.
Аммо сўнгги кунларда Бахмут мудофаачиларининг ҳолати кескин ёмонлашди: 18 майга келиб, шаҳарнинг бошқа районлари мудофааси қулагач, бу райондагилар бутун ХҲК ва унинг артиллерияси билан юзма-юз қолди. Агар авваллари ёлланма жангчилар уларга фақат шарқдан ҳужум қила олган бўлса, энди шимолдан ҳам, Чайковский кўчаси бўйлаб бостириб кела бошлашди. Бундан ташқари, «самолёт райони»га қуршов хавфи таҳдид солади — ХҲК йўлнинг нариги томонидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарини эгаллаб олган тақдирда.
Шу тариқа, агар Украина ҚК бўлинмалари 20 май куни мудофаа ушлаб турилган сўнгги районни ҳали ҳам тарк этмаган бўлса, катта эҳтимол билан яқин соатлар ёки кунлар ичида барибир шундай йўл тутишга тўғри келади.
Рамзий аҳамиятидан ташқари («Бахмут қалъаси»нинг сўнгги қалъаси), район тактик жиҳатдан ҳам аҳамиятли: кўп қаватли уйлар баланд тепаликда жойлашган (шаҳар аҳолиси уни Бугор деб атайди). Тепалик ғарбдаги Бахмут — Константиновка трассаси ўтувчи Ивановское (Красное) посёлкасидан юқорида туради. Украина қуролли кучлари сўнгги ҳафталарда айнан шу йўлдан Бахмутга қўшимча куч ташлаётганди. Тепалик ва ундаги кўп қаватли уйлар эгаллаб олинса, шаҳарга яқинлашиб келиш ҳаддан ташқари қийинлашади — Бугордан ғарбдаги кенглик бир неча километргача яққол кўриниб туради (ва осон ўққа тутилади).
















