18-20 май кунлари Бухорода Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда фаолият юритаётган зиёлилар учун илмий-маърифий мулоқот майдонини ташкил этиш орқали улар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга хизмат қиладиган маънавий кўприк яратишдан иборат.

Илм-маърифатнинг қадим ўчоғи бўлган Бухоро шаҳридаги Мир Араб Олий мадрасасида “Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ва конференция материаллари тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 100 нафардан ортиқ олимлар, профессор, доцентлар ҳамда ҳудудлардан турли соҳа мутахассислари ZOOM орқали қарийб 200 нафар зиёлилар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мазкур анжуман республикамиз бўйлаб фаолият юритаётган зиёлилар учун жонли мулоқотни амалга ошириш, улар билан тажриба алмашиниш учун маънавий майдон вазифасини бажаради. Конференция ўз ишини шуъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди.