«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин кремлпараст политтехнолог Константин Долговга интервю берди. Унинг бу интервюси ҳам доимгидек шов-шувли чиқди. Долговнинг сўзларига кўра, Пригожин суҳбат давомида барча «ноқулай саволларга жавоб берган». Қуйида «Вагнер» раҳбарининг асосий гаплари келтирилади.
«Махсус ҳарбий амалиёт» бориши ва мақсади
Биз очиқчасига Украинага кириб, бутун мамлакат бўйлаб миллатчиларни қидирдик. Кейин Киевга бордик, русчасига айтганда, *** қўйдик. Кейин Херсонга бориб ҳам «ўтириб қўйдик». Бундай қарасак, бизнинг ҳаракатларимиз ўхшамаяпти.
«Махсус ҳарбий амалиёт»нинг мақсадларидан бири – Украинани «денацификация» қилиш эди, лекин биз украинларни дунёдаги энг машҳур миллатга айлантирдик. Худди тараққиёт давридаги юнонлар ва римликлар каби.
Кейинги мақсад Украинани «демилитаризация», яъни қуролсизлантириш эди. Энди қаранг: айтайлик, уларда урушдан аввал 500 та танк бор эди, ҳозир 5 мингта бўлди. Урушгача уларда 20 минг одам уруша олган бўлса, ҳозир 400 минг одам жанг қилишни билади. Бу Украинани «демилитаризация» қилдик деганими? Аксинча, биз уларни «милитаризация» қилдик.
Украина армиясига мақтов
Бугун «Вагнер» дунёдаги энг зўр армия. Албатта, маданий жиҳатдан Россия армияси иккинчи эканини айтишим керак. Аммо Украина армияси ҳам эндиликда дунёдаги энг кучли армиялардан бирига айланди. Уларда ташкилотчилик, разведка, тайёргарлик юқори даражада, қурол билан ҳаммаси жойида. Улар совет вақтидаги қуролларда ҳам, НАТО берган қуроллар билан ҳам муваффақиятли ҳаракат қила олмоқда. Улар худди улуғ ватан урушида бўлгани каби битта мақсад сари интилишмоқда.
Россия элитаси вакилларининг фарзандлари ҳақида
Шойгунинг куёви ялло қилиб юрибди, қизи Кронштад қалъасини очмоқда. Сен бу қалъалар ортидан пул топганмисан? Пулингни шу қалъага сарфлайсанми? Ўқ-дорига сарфла ўша пулни, жин урсин. Мудофаа вазирининг қизи шунақа қилиб юрибди. [Куёви] блогер «махсус ҳарбий амалиёт» унга ёқмаслигини ҳам айтиб юрибди.
«Махсус ҳарбий амалиёт»ни биз ўйлаб топганимиз йўқ, лекин масъулиятни бўйнимизга олдик. Қўшнимиз билан урушишга тўғри келяптими, охиригача урушиш керак. Бу ерда эркаклар жанг қилиб ётибди, кимлардир эса ялло қилишни афзал кўрмоқда. Элитанинг баъзи болалари умуман қандай яшаётганини кўрсатмаяпти, баъзилар эса ҳаётидаги ҳашамат билан мақтанишдан уялмаяпти. Улар интернетда кремларини кўрсатаётган бир вақтда бошқа оддий оналар [урушда ўлган] ўғлининг устида йиғлаб ўтирибди.















