Шаҳноза Наврўзова 1989 йилда Бухоро вилояти Олот туманида эски Томжиқ қишлоғида (ҳозирги Мухтор маҳалласи) туғилган. У 5 ёшида қишлоқдаги мактабга чиққан, кейинроқ таълимни Қоракўлдаги лицейда давом эттирган. 2005 йили 16 ёшида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабасига айланган. 2013 йил магистратурани тамомлайди, 2017 йилда эса докторантурада ўқиш учун Истанбулга кетади. Ҳозирда илмий иши изланишлари билан банд.

Унинг ташаббуси билан ўзи туғилиб ўсган чекка маҳаллада кутубхона очилди. Шаҳноза Kun.uz мухбири билан суҳбатда кутубхонани очишда қандай жараёнлардан ўтилгани, бунда кимлар ёрдам бергани ва лойиҳанинг мақсади ҳақида гапириб берди. 

«Кутубхона орзум эди»

Охирги 5 йилдан бери Истанбулда яшаб, ишлайман. Анчадан буён кўплаб китоб лойиҳаларида кўнгилли бўлиб қатнашиб келаман. Жамоавий тарзда дунё адабиёти бестселлерлари бўлган бир нечта китобни таржима қилганмиз. Бундай лойиҳаларда қатнашишдан ҳеч қачон тўхтамаганман.

6-7 ёшимдан бери кутубхона очишни орзу қилганман. 5 ёшда мактабга беришгани учун эрта савод чиқарганман. Кичкиналигимдан ўқиш учун фақат китоб қидирардим. У вақтлар бизда интернет ёки бошқа воситалар бўлмаган, оддий қишлоқ қизи эдим, қишда кўчага чиқолмасдик, шунга қиладиган ишим ҳам фақат китоб ўқиш бўлган. Керакли китобларни топишга жуда қийналардим. Киноларда кўрганимиздек кутубхоналар йўқ эди, шуни ўйлаб баъзида йиғлагим ҳам келарди. 

Дадамга китоблар олиб келишлари учун рўйхат қилиб берардим, улар туман, вилоят марказларига бориб, китобларни қидирардилар. Ҳатто шу ерларга бориб ҳам китоб топа олмай, қайтиб келардилар. Шундай вазиятлар бўлгани учун ўша пайтлардан кутубхона очишни орзу қила бошлаганман, мана орзум ҳам ичимда йиғилиб-йиғилиб, ниҳоят амалга ошди. 

«Нима қиласан? Барибир ҳеч ким китоб ўқимайди»

Орзуни амалга ошириш учун биринчи ишни китоблар йиғишдан бошлаганман. Қайси давлатга саёҳатга борсам, китоб олиб келаверардим. Анча йиллар давомида ўзимнинг соҳам, филология бўйича ёки турли тиллардаги бадиий китобларни йиғиб юравердим. Кўплаб китоблар йиғилгач, жой масаласи бўйича 2022 йил августдан бошлаб турли ташкилотларга мурожаат қилишни бошладик. Мен Истанбулда бўлганим сабабли бу таклифни масофадан туриб, телефон орқали юборардим, шунингдек, бу жараёнда менинг номимдан дадам ҳам ташкилотларга бориб, кутубхона учун жой ажратилишини сўрарди. Туман ҳокимиятига, туман ёшлар иттифоқи каби ташкилотларга учрашдик, улардан ижобий жавобларни ҳам олганмиз. Лекин бу жавоблар бизни қониқтирадиган даражада бўлмади, чунки бошида жой топиш қийин бўлди, топилганда эса кутубхона учун жуда кичик хоналар ажратилди.