Украина Россия қўшинларига қарши узоқ кутилган қарши ҳужумни бошлашга тайёр. Бу ҳақда мамлакатдаги хавфсизлик масалаларига масъул бўлган юқори мартабали мулозимлардан бири BBC билан интервюда маълум қилди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов  операция бошланиши мумкин бўлган аниқ санани очиқлашдан бош тортди ва бу «эртага, индинга ёки бир ҳафта ичида» бошланиши мумкинлигини билдирди. 

У Украина ҳукуматида қарор қабул қилишда «хато қилиш ҳуқуқи йўқлиги»дан огоҳлантириб, бу мамлакат қўлдан бой бера олмайдиган «тарихий имконият» бўлишини таъкидлади.

Данилов президент Володимир Зеленскийнинг ҳарбий ҳукуматида марказий ролни ўйнайди. У тез-тез интервю берди, бу сафарги мулоқот президент Зеленскийнинг уни айнан қарши ҳужум муҳокама қилинажак йиғилишга чақириб қолиши туфайли узилиб қолган.

Украина бир неча ойдан буён қарши ҳужумни режалаштириб келади, аммо қўшинларни яхшироқ тайёрлаш ва ғарблик иттифоқчилардан ҳарбий техникалар олиш учун кўпроқ вақтга эга бўлиш мақсадида юриш бошлашни кечиктирмоқда.

Бу вақтда эса Россия қўшинлари ўз мудофаа истеҳкомларини тайёрламоқда.

Ўртага кўп нарса тикилган, чунки Киевдаги ҳукумат Украина халқи ва Ғарбдаги иттифоқчиларга Россия мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, ҳеч бўлмаганда суверен ҳудудининг бир қисмини қайтариб олиши мумкинлигини кўрсатиши керак.

Даниловнинг айтишича, Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми, қўмондонларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украина «урушнинг ушбу босқичида энг яхши натижага эришиш имкониятига эга бўлганда» бошланади.

Украин қўшинлари бўлажак қарши ҳужумга бир неча ой давомида ғарб техникалари орқали тайёргарлик кўрди
Фото: Getty Images

Украина қуролли кучлари юришга қанчалик тайёрлиги тўғрисидаги саволга у шундай жавоб қайтарган: «Биз ҳамиша тайёрмиз. Худди исталган вақтда ўз ватанимизни ҳимоя қилишга тайёр бўлганимиз каби. Ва бу вақт масаласи».

«Биз шуни тушунишимиз керакки, Худо мамлакатимизга берган, Украинага мустақил, Европа давлати бўлиш йўлидаги тарихий имкониятни қўлдан бой бера олмаймиз», деган Данилов ва қўшимча қилган: «Бу эртага, эртадан кейин ёки бир ҳафта ўтиб рўй бериши мумкин».