Ота-оналар орасида ўқитувчини тушуниб, сўралган пулни индамай бериб юборадиганлари ҳам, тушунмай қонун ва қарорларни пеш қилиб, бермаслигини ошкор айтадиган, камига бошқаларни ҳам пул йиғмасликка ундайдиганлар бор. Вазирлик йиғимлар ноқонуний эканлигини билади ва ўрни келганда буни эслатиб ҳам туради. Аммо синф хоналари қаердан пул олиб таъмирланиши масаласи барибир очиқ қолаверади.

Кўпчилик мактабнинг капитал таъмирланиши, яъни том, фасад, майдон, коридор, ҳожатхона, лаборатория каби қисмлар таъмири учун имкониятга қараб ҳар 10-15 йилда давлат томонидан ажратиладиган маблағни синф хоналарининг ҳар йилги таъмири учун ҳам етарли деб ўйлашади. Яъни синф хоналар таъмири ҳам давлат ёки бюджет ҳисобидан деган фикрдалар. Аслида ундай эмас, йиллик жорий таъмир масаласи барибир очиқ қолган ва юқори ташкилотларнинг ўқитувчиларга босим қилиши билан “амаллаб” келинмоқда.

Қуйида шу масалада икки ўт орасида қолган устозлар, фаоллар ва айрим ота-оналарнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Афсуски ўқитувчиларнинг айримлари шахсини сир тутишни афзал билишди.

“Йил якунида ўқитувчи ремонтни ўз ҳисобидан қилиши керакми?! Ҳар сафар шу мавзу кўтарилганда бизни гўё “пул йиғманглар” дея огоҳлантириб қўйишади. Ўша “огоҳлантирадиган” тепадагилар кейин мактаб директори, синф раҳбарларини “Нима қилсанг қил, ремонт ўз вақтида, талаб даражасида бўлиши керак!”, деб кекирдагидан олишади! Боласи таълим оладиган мактаб учун 50-60 мингни аяйдиган ота-онанинг фарзанди келгуси ўқув йилида яна бориб ўша синфда ўқишини давом эттиради-ку?! Директор ҳам уйини эмас, мактабнинг ремонти учун жон куйдиради. Миллатнинг, халқнинг боласи, фуқаронинг келажаги таьлим олади шу масканда!

Кўпчилик давлат ўртача ҳар 20 йилда бир марта капитал таъмир учун ажратадиган пулни “ремонтга пул” деб дастак қилади. Мактабнинг ҳудудини тўлиқ таъмирлашга ёрдам бериш учун ҳокимият томонидан ҳудуддаги тадбиркорларга “юклама” берилади… таъмирлашга ҳомий бўласан, деб буйруқ қилинади, директорга шу ҳомийни топасан, деган буйруқ берилади.

Ана шундан кейин бошланади ҳаммаси… Миллион марталик музокарадан кейин ўша ҳомий – тадбиркор бир қисм маблағни товар сифатида мактабга етказади. Қолганини мактаб каердан топсаям, ремонт тугатилиши керак.

Лекин нимагадир давлат ремонт қилади мактабни, деган бонг уриш давом этиб келаверади ҳалигача. Балога қолган ўқитувчи. “Таълим бепул-ку”, дейдиганлар ремонт таълим жараёнига кирмаслигини билмайдигандек гапиришдан чарчамайди. Ишқилиб, ўқитувчига, директорга сабр!

Ҳозирги бозор нарх навоси билан 30-35 нафар, айрим синфларда 40 нафардан ортиқ бола ўқийдиган хоналарни енгил таъмирлаш учун кетадиган маблағни уста пули билан бирга ҳисоблаб чиқинг-чи, қанча сумма бўлади?