Ёз мавсумида кириш имтиҳонлари ва магистратура имтиҳонлари билан бирга яна бир йирик тадбир – ўқишни кўчириш имтиҳонлари ўтказилади. Охирги йилларда хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига, маҳаллий ОТМлараро ўқишни кўчириш истагидаги талабгорлар сони ошмоқда. 2016 йилда бир ОТМдан иккинчисига ёки хориждан маҳаллий олийгоҳга ўқишни кўчириш учун жами 7,5 мингта ариза тушган бўлса, 2021 йилга келиб эса бу рақам 22 баробарга ошиб, 170 мингтани ташкил қилган.
Қатъийлаштирилган талаб
Талаб ошгани сабаб “перевод”га қўйилган талаблар ва имтиҳонлар анчайин қатъийлаштирилди. 2022 йилдан бошлаб маҳаллий ОТМлардан ўқишни кўчиришга фақат 2 та ҳолатдагина рухсат бериладиган бўлди:
- талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
- давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбари тавсияси асосида;
Хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчириш имтиҳонлари эса қатъийлаштирилиб, ўтиш баллари оширилди. Хусусан, кириш имтиҳонлари тест бўладиган йўналишлар имтиҳонлари собиқ Давлат тест маркази – ҳозирги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан, касбий (ижодий) имтиҳонлар эса ОТМларнинг ўзида олинадиган бўлди.
Ўтиш балли қандай бўлади?
Ўқишни кўчириш имтиҳонларида ўтиш баллари ҳар йили 15 июлгача Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сайтида эълон қилиниши керак. Масалан, ўтган йилги ўқув йили учун тиббиёт ОТМларига ўқишни кўчириш учун ўтиш балли 129 балл этиб белгиланганди. Ўтиш баллари йўналишларга қараб фарқланади.
















