Ҳар йили май ойининг охирги санаси – 31 май Халқаро чекишга қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Чекувчилар сони дунё миқёсида 1,1 млрдни ташкил қилади, бошқа усулларда тамаки истеъмол қилувчилар эса 200 млн. Бу рақамлар сабабли тамаки истеъмоли глобал эпидемиялигича қолмоқда.
Катталашаётган озиқ-овқат хавфи
Бу йилги сана учун "Бизга озиқ-овқат керак, тамаки эмас" шиори танланган. Мақсад – тамаки етиштирувчи фермерларни бошқа фойдали озиқ-овқатлар етиштириш ва бунинг бозор имкониятлари ҳақида хабардорликларини оширишдан иборат.
Ўзи шундоқ ҳам иқлим муаммолари, урушлар ва низолар, коронавируснинг иқтисодий ва ижтимоий таъсири сабаб озиқ-овқат хавфсизлиги барқарор эмас. Экинни тўғри танламаслик, жумладан, тамаки экиш ҳам булар қаторига қўшилиб муаммонинг катталашишига сабаб бўлмоқда. Дунёда ҳар йили 3,5 млн гектар ер тамаки экиш учун мослаштирилади. Тамаки етиштириш учун ўртача 200 гектар майдондаги дарахтлар кесилади. Уни ўстириш кўп ресурсларни талаб қилади, ўғит ва турли пестицидларни ишлатиш тупроқ деградациясига олиб келади. Тамакидан сўнг ерга бошқа экин экиш ҳам қийин, сабаби тупроқ унумдорлиги пасаяди. Бу ўсимлик етиштирилиши экологияга чорвачиликдан ҳам кўра кўпроқ зарарлидир. Сабаби тамаки ўсган ерлар чўлланишга мойил бўлади.
Агар бу маълумотларни тамаки чекадиган бирор инсон ўқиётган бўлса, чекиш фақат ўзининг соғлигига зарар эмаслигини, балки бутун Ер шари бундан азият чекаётганини, катталашиб бораётган иқлим ўзгариши муаммосига ўзи ҳам ҳисса қўшаётганини билиб олиши мумкин.
Тамаки сабаб ҳар йили 8 млн одам вафот этади. Тамакини етиштириш, уни ишлаб чиқариш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва ҳатто истеъмолдан кейинги чиқиндиси ҳам атроф-муҳитни зарарлайди.
Қарамлик
Тамаки таркибидаги асосий моддалардан бири никотин ҳисобланади.Никотин организмдаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ва бошқа психоактив моддалар каби одамни ўзига ўргатиб қўяди. Шу тарзда тамакига жисмоний қарамлик шаклланади. Доимий никотин оқимига ўрганиб қолган одам тамакидан фойдаланишни тўхтатса, ташвиш ва хавотирга тушиб қолади.







