«Агар полигондаги бир ойлик тайёргарлик ўрнига сизга атиги 3 кунлик машғулот ўтилса ва кунига 15 тадан патрон берилса, бу кимнингдир ҳаёти учун қимматга тушади. Ҳатто кафега келган стажёрга ҳам иш ўрганиш учун бундан кўпроқ вақт берилади», дейди сафарбар қилинганлар билан бир жанговар бригадада хизмат қилувчи ҳарбий. Унинг сўзларига кўра, янги чақирилган аскарларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқий тайёргарликдан ўтмаган.

Украина қуролли кучларида янги чақирилганлар фронтда яраланиб, сафдан чиққан профессионал ҳарбийлар томонидан тайёрланади. Фото: BBC/GETTY IMAGES

Ҳеч қандай ҳарбий тажрибага эга бўлмаган IT мутахассиси Виктор (исми ўзгартирилган) айнан шундай вазиятга тушиб қолган. У чақирув қоғозини олиши билан ҳарбий хизматга отланган.

Виктор 2023 йилнинг март ойи охирида сафарбар қилинган ҳамда асосий ва профессионал ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун Ҳарбий ҳаво кучларининг 38-қўшма ўқув марказига юборилган.

«Марказ шифокори вазним енгиллиги учун мени ҳарбий машғулотларга яроқсиз деб топди. Ваҳоланки, ҳарбий тиббиёт комиссияси мени хизматга тўла яроқли деб ҳисоблаганди», дейди Виктор.

Викторга Киевдаги Деснянск сафарбарликка ёллаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказининг (илгари ҳарбий хизматга қабул қилиш ва рўйхатга олиш бўлими деб аталган) қўриқлаш ротасида хизмат қилиш таклиф қилинган.

У биноларни қўриқлаши, чақирув қоғозларини тарқатиши ва ҳалок бўлган аскарлар билан видолашув маросимларида фахрий қоровул сафида туриши керак эди.

Виктор ўқ отиш полигонида ротанинг бошқа жангчилари билан бирга бор-йўғи бир кун тайёргарликдан ўтган.

«Орадан уч ҳафта ўтгач, бизни шарқдаги 93-бригада сафига жўнатишлари ҳақида хабар беришди. У ерда биз яна бир бор ўқув-тайёргарликдан ўтишимизни айтишди. Ҳужжатларда мени ўқчи-санитар деб ёзишди. Манзилга етиб келдик. Бу ерда кун бўйи тўлиқ экипировкада юрдик. Бир неча кунлик жисмоний зўриқишлардан сўнг ҳушимни йўқота бошладим», дейди Виктор.

Унинг сўзларига кўра, сафарбарликка ёллаш маркази қўриқчилар ротасининг яна камида саккиз нафар аъзоси шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолган.

BBC нашри улардан беш нафари билан суҳбатлашган.