13:52 / 12.06.2023
34430

Силвио Берлускони вафот этди

У 30 йил мобайнида «Милан» клубига эгалик қилган, Италия бош вазири лавозимини эгаллаш бўйича рекорд ўрнатганди.

Фото: Guglielmo Mangiapane / Reuters

Италиянинг собиқ бош вазири, «Олға, Италия» (Forza Italia) партияси асосчиси Силвио Берлускони 86 ёшида Миландаги шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Corriere della Sera хабар бермоқда.

Апрел ойи бошида Берлусконига лейкемия ташхиси қўйилгани хабар қилинганди. У химиятерапия курсини ўтаган. Собиқ бош вазир 5 апрел куни ётқизилган Миландаги «Сан-Рафаэле» клиникаси ўшанда унинг ҳолатини барқарор деб баҳолаганди. Май ойи ўрталарида сиёсатчи шифохонадан чиқарилган, аммо 9 июн куни яна қайта жойлаштирилганди.

Берлускони тўрт марта Италия Вазирлар кенгаши раиси (1994—1995, 2001—2005, 2005—2006, 2008—2011) бўлган. У  Италия Республикаси тарихида бош вазир лавозимини эгаллаш борасида рекордчи ҳисобланади.

У 2011 йилда давомли можаролар ва суд таъқиблари ортидан истеъфога чиққанди. 2019 йилда сиёсатчи Италиядан Европарламент таркибига сайланади. 2022 йил сентябрида эса Монца сайлов округидан сенат учун сайловларда ғолиб бўлганди.

Берлускони Европа давлатида ҳукумат бошқарувига келган илк мултимиллиардер бўлганди. У Италиянинг энг бадавлат кишиларидан бўлган: суғурта магнати, банклар ва оммавий ахборот воситалари, шунингдек Fininvest компанияси акциялари назорат пакети эгаси бўлган.

У 1970-йиллар охирида Европадаги биринчи йирик тижорий телевидение тармоғини яратади. 30 йил мобайнида, 1986 йилдан 2016 йилга қадар «Милан» футбол клубига эгалик қилади.

2011 йилда Forbes журнали талқинига кўра, Берлусконининг бойлиги 7,8 млрд долларни ташкил этган ва у дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 118-ўринда жойлашган, 2005 йилда унинг бойлиги 12 млрд долларга баҳоланган ва у 25-ўринда эди.

Top