Жаҳон | 13:32 / 13.06.2023
46445
9 дақиқада ўқилади

Путиннинг қалин дўсти бўлган, Қримга келган ва уч бор истеъфога чиққан. Берлусконининг ҳаёти суратларда

Силвио Берлускони 86 ёшида вафот этди.

Силвио Берлускони 1936 йил 29 сентябрда Миланда туғилган. 1943 йилда унинг оиласи вақтинча Швейцарияга кетади, чунки унинг отаси, антифашист Луиджи Берлускони Италияда қолиши хавфли эди. 1961 йилда Берлускони Милан университети ҳуқуқшунослик факультетини аъло баҳолар билан битиради. Кўп ўтмай у қурилиш компаниясига асос солади, 1978 йилда эса — Telemilano кабел телеканалига. 1984 йилга келиб у учта умуммиллий телеканалларга эгалик қиларди, улар кейинчалик Mediaset ҳолдингига бирлашади. Икки йил ўтиб Берлускони «Милан» футбол клубини сотиб олади ва клуб унинг раҳбарлиги даврида 4 бор Италия чемпиони бўлади, 5 марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқади. 

1994 йилда Берлускони «Олға, Италия» партиясига асос солган ва парламент сайловларида ғолиб чиқиб, бош вазирга айланган, аммо бир йил ичида лавозимини тарк этган. Кейинроқ у яна уч марта Италия ҳукумати тепасига келади — 2001, 2005 ва 2008 йилларда. 

2011 йилда у сўнгги бор истеъфога чиқади. Унинг сиёсий фаолияти турли можаролар ва коррупцияда айбловлар билан бирга кечади. Хусусан, 2013 йилда Милан суди Берлусконини вояга етмаган қизларни фоҳишаликка ёллаш ва ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топиб, етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Аммо апелляция суди уни тўла оқлайди.

2022 йил сентябрида Берлускони сенат учун сайловларда ғалаба қозонганди.

1950-йиллар охири ва 1960-йиллар бошида, ҳали талаба эканида Берлускони круиз лайнерларда қўшиқ куйлаб пул ишлаган. Бундан ташқари, у контрабас чалган. Янги аср бошида у Неапол қўшиқларининг икки альбоми, шунингдек, ўзининг «Милан» футбол клуби ва  Forza Italia партияси учун мадҳиялар ёзган.
Marka / Universal Images Group / Getty Images
Силвио Берлускони кексайиб қолгунига қадар эркаклик харизмасидан фойдаланган. Машҳур италян ёзувчиси Умберто Эконинг ҳисоблашича, сиёсатчининг бу сифатларининг электоратга таъсири — унинг узоқ йиллик муваффақияти сабабларидан бири бўлган. Бу фотода Берлускони 48 ёшида
Umberto Cicconi / Getty Images
Берлускони 1977 йилда. Ўшанда у ўз медиа-империясини қуришни эндигина бошлаганди. Шу йилдан унинг TeleMilano телеканалида тўлақонли кўрсатувлар эфирга кета бошлайди.
Edoardo Fornaciari / Getty Images
Берлускони тадбиркор сифатида 1988 йилда ўз қудрати чўққисига чиқади — у мамлакатдаги ягона хусусий медиа-империя Fininvest’га эгалик қилар ва жаҳон футболида гегемонга айлана бошлаган «Милан» клуби хўжайини эди.
AGF / Universal Images Group / Getty Images
1994 йил январ. Берлускони RAI давлат телеканали эфирида ўз сиёсий фаолиятини бошлаётганини эълон қилади.
Franco Origlia / Getty Images
1986 йил. Медиамагнат Берлускони ўз телеканали студиясида
Ferdinando Scianna / Magnum Photos
Медиамагнат Берлускони ўз уйида, 1986 йил
Ferdinando Scianna / Magnum Photos
Силвио Берлускони буюк «Милан» футбол клубини қуришга киришган, 1988 йил. Фотода у шу кунларда Европанинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган ва «Милан»га трансфер қилинган нидерландиялик Рууд Гуллитни мухлисларга тақдим этмоқда. 
FOTOGRAMMA MIMMO CARULLI / SIPA / Scanpix / LETA
Берлускони «Милан» ўйини вақтида, 1992 йил. Бу вақтга келиб клуб икки бор (1989 ва 1990 йилда) Европа чемпионлар кубогини (ҳозирги ЕЧЛ) қўлга киритганди.
Franco Origlia / Getty Images
Forza Italia («Олға, Италия») партияси рамзлари— эмблема ва Берлускони юзи тасвирланган значок. 1994 йилда бош вазир бўлгач, у Ғарбда популистик режимларни жонлантириш трендига асос солади.
Franco Origlia / Getty Images
Берлускони иккинчи рафиқаси Вероника Ларио, Борис ва Наина Ельцин билан G7 саммитида. 1994 йил, Неапол.
Franco Origlia / Getty Images
Бош вазирликка номзод Берлускони ўз телеканали студиясида, 2001 йил. У сайловларда ғолиб бўлади ва дастлабки истеъфосидан етти йил ўтиб ҳукумат раҳбарлигига қайтади.
Franco Origlia / Getty Images
1994 йил 17 май — Берлускони тайинловидан атиги олти кун ўтиб ҳокимиятни йўқотиши мумкин. Фотода бош вазир ҳукуматига ишонч вотуми пайтида тасвирланган. Декабр ойида Берлусконининг коалицияси парчаланиб кетади, 1995 йил январида у лавозимни тарк этади. Ўшанда ҳеч ким у яна ҳокимиятга қайтиши ва жами 10 йил давомида мамлакатни бошқаришини тасаввур қила олмасди.
Franco Origlia / Getty Images
Ўзаро дўст бўлган Владимир Путин ва Силвио Берлускони АҚШ президенти кичик Жорж Буш билан. 2002 йил
Sergei Chirikov / EPA / Scanpix / LETA
АҚШ президенти кичик Жорж Буш Кэмп Дэвидда 2002 йил бўлиб ўтган матбуот анжумани вақтида Италия бош вазирининг сўзларини таржимон орқали тингламоқда.
Mark Wilson / Getty Images
Владимир Путин ва Силвио Берлускони Завидовода кечки овқат столида. 2003 йил, катта дўстликнинг бошланиши.
Alexey Panov / AFP / Scanpix / LETA
«Милан» футболчилари 2007 йилда Чемпионлар лигаси кубогини тутган клуб президенти Берлусконини осмонга ирғитишмоқда — бу унинг бошқаруви давридаги бешинчи чемпионлик кубоги эди.
Pressefoto Ulmer / Ullstein Bild / Getty Images
Силвио Берлускони Римдаги уйи «Палаццо Грациоли»да, 2008 йил. Ўз вақтида бу уй балконидан туриб диктатор Бенито Муссолини нутқ қиларди. Фото: Alex Majoli / Magnum Photos
Берлускони Forza Italia партиясининг аёллар конгрессида ўз тарафдори билан, 2008 йил
Alex Majoli / Magnum Photos
Бош вазир Берлускони шифохонани тарк этмоқда, у бу ерга ёмон ниятли шахс унга Милан собори нусхаси билан зарба берганидан сўнг тушиб қолганди. Унинг бурни синган ва тишлари тўкилган. 2009 йил
Vittorio Zunino Celotto / Getty Images
Берлусконининг Аркоредаги уйи олдида унинг портретига найзачалар санчаётган намойишчилар, 2011 йил
Massimo Di Nonno / Getty Images
Неаполда Берлускони ва унинг вояга етмаган севгилиси Руби Рубакуорини акс эттирувчи қўғирчоқлар. Собиқ бош вазир келиб чиқишига кўра марокашлик бўлган ушбу раққос билан ҳеч қачон жинсий алоқа қилмаганини айтган, 2011 йил
Napoli / IPA / Sipa USA / Vida Press
Берлусконининг истеъфосини талаб қилаётган аёллар, 2011 йил феврал. Бош вазир келиб чиқишига кўра марокашлик бўлган вояга етмаган раққос билан жинсий алоқа қилишда гумонланганди. Кўп ўтмай сиёсий ва иқтисодий инқироз сабабли у истеъфога чиқади. Бир неча йил давом этган суд жараёнидан кейин Берлускони «жиноят таркиби йўқлиги туфайли» бу иш бўйича оқланади.
Marco Secchi / Getty Images
Римдаги майдонда йиғилганлар Берлусконининг учинчи ва сўнгги марта бош вазирликдан кетишини олқишлашмоқда, 2011 йил
Anan Sesa / Imago / Scanpix / LETA
Берлускони маҳбубаси Франческа Паскале билан, 2012 йил
Paolo Della Bella / LaPresse / Scanpix / LETA
Италия собиқ бош вазири 2015 йилда Ялта аҳолиси билан мулоқот қилмоқда. У Қримнинг аннексия қилинишида Путинни қўллаган кам сонли ғарблик сиёсатчилардан бири бўлганди.
Алексей Дружинин / РФ президенти матбуот хизмати
Путин ва Берлускони 2015 йил 12 сентябрида Севастополда шаҳар «губернатори» Сергей Меняйло билан
Берлускони ўзининг жисмоний ҳолати аъло даражада эканини намойиш этишга ҳаракат қилмоқда. Бу фото олинган 2015 йилда у 79 ёшда эди. Фото: Brambatti / EPA/ Scanpix / LETA
Берлускони сиёсий мавзудаги телевизион шоуда, 2019 йил. Унинг партияси Европарламент учун сайловларда ўз тарихидаги энг ёмон натижани кўрсатади, аммо етакчининг ўзи энг кекса депутат бўлиб сайланади.
Italy Photo Press / imago images / Scanpix / LETA
Берлускони 2022 йил октябрида Италия президентлигига сайланишга ҳаракат қилади. Фотода — собиқ бош вазир Сенатда президент номзоди учун овоз бериш жараёнида. У сайловда ютқазади. Уч ой ўтиб унда оққон аниқланади, 2023 йил июнида эса у вафот этди.
Massimo Di Vita / Archivio Massimo Di Vita / Mondadori Portfolio / Getty Images
Берлусконининг мухлислари кумирининг Аркоредаги уйида видолашув сўзларини қолдиришди. Италия, 2023 йил 12 июн
Stefano Guidi / Getty Images

 

Мавзуга оид