Янги ўқув йилидан бошлаб, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун, ким тўлашидан қатъи назар, контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Ҳозирда бу имтиёз фақат фарзанди ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларгагина тааллуқли.

Давлат раҳбарининг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда айтишича, Қорақалпоғистонда агро-технологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Нукусда Рақамли технологиялар институти очилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда олий таълим қамрови келгуси йилда 50 фоизга етказилади. Бунинг учун чет элларда ўқиётган ўзбекистонлик ёшларнинг ўқишини маҳаллий олийгоҳларга давлат гранти асосида кўчириш амалиёти йўлга қўйилади.

“Таълим соҳасининг асосий таянчи бўлган азиз ва мўътабар муаллим ва мураббийлар, олийгоҳ профессор-ўқитувчиларининг машаққатли меҳнати бундан буён ҳам муносиб рағбатлантириб борилади”, – деди президентликка номзод.