Фоизсиз иқтисодиёт моделининг глобал иқтисодий жараёнларда фаоллиги ортиб бормоқда. Қарзга асосланган анъанавий иқтисодиёт моддий активлар билан ёки уларни яратиш амалиётлари билан тўлиқ таъминланмагани боис, иқтисодиётда ҳаддан ташқари пул массасининг кўпайиши, инфляциянинг ортиши ҳамда ишсизлик даражаси кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Булар эса глобал иқтисодий инқирозга олиб келувчи асосий омиллардан.

Халқаро валюта фондининг ўрганишларига кўра, 2008 йилдаги глобал иқтисодий инқироз натижасида энг кам талофат кўрган ва чидамли молиявий тизим бу исломий банклар бўлган. Шу боис, сўнгги йилларда кўплаб мамлакатларда ислом молияси бозори ривожлантирилмоқда.

Ислом молиясининг асосий жиҳати – ҳар бир молиялаштириш амалиётининг активлар билан таъминланганидир. Бу ерда маблағлар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш каби фаолиятларга тўғридан тўғри йўналтирилади. Ислом молияси ортиқча, бўш пул массасининг пайдо бўлишида иштирок этмайди ҳамда фоизга асосланган қарз муносабатларини амалга оширмайди.

Ислом молиясининг ривожланиш кўрсаткичи (IFDI) маълумотларига кўра, 2021 йилда ислом молия саноатининг жами активлари ҳажми қарийб 4,0 триллион АҚШ долларига етган ва 2020 йилга нисбатан 17 фоизга ўсган. Ҳисоботга кўра, бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 6 триллион долларгача кўтарилиши кутилмоқда. 2021 йил ҳолатига, 76 давлатда 566 та исломий банк, 50 га яқин давлатда 335 та такафул (исломий суғурта) исломий молия институтлари фаолият юритмоқда.

Ислом молиясига бўлган талабнинг ошиши сабаб географик жойлашуви қулай бўлган шаҳарлар ўзларини ислом молияси ҳаби ўлароқ танитишга ҳаракат қилишмоқда. Бу борада Дубай, Лондон, Куала-Лумпур ва Манама пешқадам.

Дубай, Бирлашган Араб Амирликлари

Дубай – глобал ислом молия саноатидаги энг муҳим марказлардан бири. Амирликнинг Африка, Европа ва Осиёни боғловчи стратегик жойлашуви, кучли исломий молия тизими ва инновациялар бўйича обрўси унга мусулмон ва мусулмон бўлмаган мамлакатлардан инвесторлар ва молиявий институтларни жалб қилиш имконини бермоқда.

БАА Марказий банки маълумотларига кўра, мамлакатда 6 та тўлиқ ислом банки, 2 та хорижий ислом банки ва исломий банк хизматлари дарчаларига эга 15 та анъанавий банк мавжуд. Мамлакатнинг исломий молия бозорини стандартлаштириш мақсадида 2018 йилда Марказий банк Олий шариат бошқарувини (HSA) ташкил этди. HSA ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари билан боғлиқ фатволар (диний ҳукмлар) чиқариш, шунингдек, шариатга мос келадиган янги молиявий маҳсулотларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун жавобгардир.