Ҳаммаси нимадан бошланди?
Аввалига Россия босқинига қарши урушаётган украиналик сиёсатчи Кирилл Сазонов чеченистонлик депутат қарши амалиёт ўтказилгани ҳақида хабар берди. У Делимхановнинг кортежи Запорижжя области ҳудудида «Бандерлоги» гуруҳининг артиллерия зарбасига учрагани, Делимханов билан бирга ҳамроҳлари ҳам ҳалок бўлганини ёзди.
«Воқеа жойига жасадни тезкор ва сездирмай олиб кетиш учун 12 та вертолёт учиб борди», деб ёзганди Сазонов.
Кейинроқ рус нашрларида бу маълумотни рад этувчи хабар тарқалди. Россия мудофаа вазирлигига қарашли «Звезда» телеканали сайтида Россия Давлат думаси матбуот хизматига асосланиб Делимханов чиндан яралангани, аммо тирик экани ҳақида хабар пайдо бўлди.
Чечен ҳарбийлар етакчиси яралангани ҳақида Россия давлат нашри ёзгани вазиятни кескинлаштирди. Аммо тезда бу маълумотни рад этувчи хабарлар пайдо бўлди. Аввалига «Звезда» сайтидаги хабар ўзгартирилиб, ЛДПР партияси ҳолат бўйича ҳеч қандай хабар йўқлигини маълум қилгани ёзилди. Шунингдек, бу борада ҳеч қандай расмий маълумот йўқлиги илова қилинди. Бу орада думада ҳам, ЛДПРда ҳам «Звезда» нашрига ҳеч ким маълумот бермагани айтилди.
Кейинроқ Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Делимханов билан телефонда гаплашгани ва у саломат эканини айтди. Кўп ўтмай яна бир депутат Андрей Картапалов Делимханов тирик ва саломат эканини ёзиб чиқди.
Зиддиятли баёнотлар
Делимхановнинг ўлими ёки яралангани ҳақидаги хабарлардан кейин Чеченистон томондан бир-бирини рад этувчи баёнотлар чиқа бошлади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг «ўнг қўли» экани айтиладиган Адам Делимханов ҳақида хабарларга истеҳзо билан муносабат билдирди. «Мен ҳам Делимхановга боғлана олмаяпман. Украина разведкасидан қадрдон инимни топиш учун айнан қаерга, қайси позициясига зарба берилгани ҳақида маълумот сўрайман. Ишонинг, қуруқ қолдирмайман», деб ёзди Қодиров 3,1 миллион обуначиси бор каналида.
«Ахмат» махсус бўлинмаси командири Апти Алауддинов эса депутат тирик экани ва Чеченистонда бўлиб турганини айтди. «Бизни доим биз бўлмаган жойда «ўлдиришади». Ҳаммаси уйдирма. Адам Султонович тирик ва ҳозирда Чеченистонда, Рамзан Ахматовичнинг олдига йўл олган», дея унинг сўзларини келтирди ТАСС агентлиги.
Кейинроқ Апти Алауддиновнинг каналида бироз аввал ўзи айтган гапларни рад қилувчи пост пайдо бўлди. «Мариня йўналишида жойлаштирилган барча бўлинмаларни олиб Адам Султонович Делимханов билан содир бўлган воқеа жойига бораман. Рамзан Ахматовичдан уни ҳар қанақасига топиб, олиб бориш буйруғи келди. «Ахмат» махсус бўлинмаси учун навбатдаги топшириқ. Табиийки, уни ҳам уддалаймиз. «Ахмат» – куч, Россия – қудратли, Аллоҳ буюкдир», деб постини якунлаган Апти Алауддинов.


















