Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди
2023 йил 15 июнда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
МБ баёнотига кўра, иқтисодиётда инфляциянинг фундаментал ва мавсумий омиллар таъсирида секинлашиш динамикаси давом этмоқда. Йил охиригача жорий тенденциялар сақланиб қолиниши билан биргаликда инфляцияни кескин оширувчи хатарлар вужудга келиши эҳтимоллари камайиб бормоқда.
Базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиш траекториясига ўтиши, келгусида ҳам иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайтириш имкониятларини кучайтиради.
Жорий йил май ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 10,4 фоизгача секинлашди. Бунда, базавий инфляция секинроқ пасайиб 12,4 фоизни ташкил этди.
Кенг қамровли инфляцион жараёнларнинг юмшаб бораётгани истеъмол саватидаги нархи 10 фоиздан ошган товар ва хизматларнинг улушини 50 фоизгача камайишига имкон берди. Бироқ, ушбу кўрсаткич 2020-2021 йиллардаги 30-40 фоиздан юқори даражада шаклланган.
Кейинги 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмаларини пасаювчи тренди давом этиб, май ойида 13,7 фоизни ташкил этди. Ички иқтисодий шароитларнинг барқарорлашиб бораётгани тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларининг 13,5 фоизгача пасайишида ўз аксини топди.
Глобал инфляция жараёнлари, асосан, энергетика ва хомашё бозорларидаги нархларнинг ўтган йилги оширувчи таъсирининг камайиши ҳисобига секинлашаётган бўлса-да, инфляциянинг таргет кўрсаткичларидан баландлиги ва хизматлар соҳасидаги оширувчи хатарлар сақланиб қолаётганлиги ташқи молиявий шароитларнинг қатъий шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари май ойида бироз пасайиб, 22,8 фоиз даражасида шаклланди. Кредитлаш ҳажмининг ўсиши асосан чакана кредитларни юқори суръатларда ўсиши ҳисобига таъминланмоқда. Май ойи якунлари бўйича чакана кредитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўпайган.
Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида 2023 йил якунига қадар инфляциянинг 8,5-9,5 фоизгача пасайиши ҳамда инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирини оширувчи омилларга нисбатан кучлироқ бўлиши кутилмоқда.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши ва ташқи шароитларнинг нархларга нисбатан таъсирлари мўътадиллиги инфляцияни пасайтирувчи омиллар сифатида қаралмоқда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 27 июлга белгиланган.
Мавзуга оид
13:30 / 10.10.2024
Марказий банк раисига янги ўринбосар тайинланди
13:41 / 08.10.2024
Фуқароларни онлайн кредит фирибгарлигидан сақловчи чоралар белгиланди. Янги механизм қандай ишлайди?
23:44 / 07.10.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 41 млрд доллардан ошди
12:00 / 19.09.2024