Ўзбекистон Марказий банки 2026 йил II чорак учун меҳнат бозори шарҳини эълон қилди. Унда ташқи меҳнат миграциясидаги тенденциялар ҳам келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, 2026 йилнинг январ-июн ойларида Россияга ишлаш мақсадида борган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,18 млн нафарни ташкил этди. Бу - 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга кам. Патент асосида ишлаётган ўзбекистонликлар сони эса 9,2 фоизга қисқарган.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун бошқа йўналишларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, Туркия, Жанубий Корея, Европа ва АҚШдаги ўзбекистонликлар сони сўнгги йилларда сезиларли кўпайган. 

Мигрантлар оқимининг юқори ўсиши асосан Европа ва Туркия ҳиссасига тўғри келди. 2025 йилда Европа Иттифоқидаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга ошди. 2026 йилнинг 1 июл ҳолатига Туркиядаги ўзбекистонликлар сони 70 минг нафарни (9,3 фоиз ўсиш) ташкил этган бўлса, Жанубий Кореядагилар сони 102,2 минг нафарга (3,3 фоиз ўсиш) тенг бўлди.  

Мигрантлар томонидан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ўсишда давом этган.  2027 йил I чорагида пул ўтказмалари 3,8 млрд долларни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 12,9 фоизга ошган. II чоракда эса ушбу кўрсаткич 5,5 млрд долларга етиб, ўсиш суръати 13,1 фоизни ташкил қилган.

Пул ўтказмалари географияси ҳам кенгаймоқда. Январ-июн ойларида Қозоғистондан келган пул ўтказмалари 28,2 фоизга, АҚШдан 18,8 фоизга, Туркиядан 14,2 фоизга ва Жанубий Кореядан 11,4 фоизга ошган. Россиядан келаётган пул ўтказмалари эса 8,8 фоизга кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг биринчи чорагида умумий пул ўтказмалари таркибида Россиядан жўнатилган маблағлар улуши бир йил олдингидан 5,2 пунктга пасайиб, 72,4 фоизга тушганди.